АҚШ, Эрон ва воситачи давлатларнинг вакиллари ўт очишни 45 кунга тўхтатишни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда тўртта манбага таяниб Axios хабар берди.
Манбаларда яқин 48 соат ичида келишувга эришиш эҳтимолини паст баҳоланмоқда. Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп сулҳга эришилмаса 48 соат ичида Эронга “дўзах оловини ёғдириш”га ваъда берганди.
Вақтинчалик сулҳ эса уруш кенгайиб кетишининг олдини олишда “сўнгги имконият” сифатида кўрилмоқда. Акс ҳолда, Эроннинг фуқаролик инфратузилмаси нишонга олиниши, бунга жавобан Форс кўрфази давлатларининг энергетика ҳамда сув объектларига ҳужум қилиниши мумкин.
Трамп Эронга берган 10 кунлик муддати 6 апрель оқшомида тугаши керак. Аммо АҚШ президенти ўз муддатини 20 соатга узайтирди ва янги вақтни 7 апрель соат 20:00 этиб белгилади (Тошкент вақти билан 8 апрель соат 05:00). Трамп Эрон билан “чуқур музокаралар олиб борилаётгани” ва 7 апрель куни келишувга эришиш мумкинлигини айтди.
“Яхши имконият бор, лекин улар келишувга эришмаса, у ердаги ҳамма нарсани портлатиб юбораман”, деди у.
Трамп Эрон билан келишувга эришилмаса, фуқаролар учун муҳим бўлган инфратузилма йўқ қилинишини айтган. Бундай ҳужумлар ҳарбий жиноят сифатида баҳоланиши мумкин.
АҚШ ва Исроилнинг Эрон энергетика объектларига кенг кўламли зарбалар бериш режаси аллақачон тайёр. Ҳозирда урушни тўхтатиш бўйича Покистон, Миср ва Туркия воситачилигидан музокара олиб борилмоқда. Трампнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасида матнли хабарлар алмашинуви йўлга қўйилган.
АҚШ расмийларидан бирига кўра, сўнгги кунларда Трамп маъмурияти Эронга бир нечта таклифлар берган, бироқ ҳозирча Теҳрон уларни қабул қилмаган. Воситачилар можаро иштирокчилари билан икки босқичли келишув шартларини муҳокама қилмоқда. Биринчи босқич 45 кунга ўт очишни тўхтатишни ўз ичига олади. Бу вақт ичида урушни бутунлай тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилади.
“Агар музокаралар учун кўпроқ вақт керак бўлса, ўт очишни тўхтатиш режими узайтирилиши мумкин”, деди манбалардан бири.
Иккинчи босқич эса урушни тугатиш бўйича келишув бўлади. Воситачиларнинг фикрича, Ҳормуз бўғозини тўлиқ очиш ва Эрон билан ядровий келишувга эришиш якуний натижа бўлиши мумкин. Эрон АҚШ ва Исроил урушни қайта бошламаслиги учун қатъий кафолатлар талаб қилмоқда.








