Англия Кубогининг чорак финал босқичи доирасида кечган марказий баҳсда “Манчестер Сити” ўз майдонида “Ливерпуль”ни қабул қилиб, 4:0 ҳисобидаги йирик ғалабани қўлга киритди. Мазкур натижа нафақат жамоани ярим финалга олиб чиқди, балки мусобақа тарихида қарийб 1,5 асрдан буён ўзгармай келаётган натижанинг янгиланишига ҳам сабаб бўлди.
Гап шундаки, “шаҳарликлар” ушбу турнир доирасида ўз уйидаги кетма-кет ғалабалар сонини 18 тага етказиб олишди. Шу тариқа, улар 1873-йилдан 1881-йилга қадар ўз майдонида кетма-кет 17 та ўйинда зафар қучган “Клепем Роверс” клубининг тарихий натижасини янгилади.
“Сити”нинг ўз майдонидаги бу зафарли юриши 2017-йилнинг февралидан буён давом этиб келмоқда. Шу билан бирга, “Сити” Англия Кубогининг ярим финал ва финалдан бошқа барча босқичларида кетма-кет 32 та ўйиндан буён фақат ғалаба қозониб келмоқда.
Эътиборлиси, ушбу тарихий ғалабага ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ҳам муносиб ҳисса қўшди. Учрашувни асосий таркибда бошлаган футболчи ўйин якунига қадар майдонда ҳаракат қилди. Ўйиндан кейин Sofascore портали ўзбекистонлик футболчининг ҳаракатларини 7,4 балл билан баҳолади.
Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсум “Манчестер Сити” сафида жами 30 та учрашувда майдонга тушди. Эслатиб ўтамиз, Англия Кубогининг ярим финал қуръаси 5 апрель куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.








