Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Кубоги 1/4 финал босқичидан ўрин олган “Манчестер Сити” — “Ливерпуль” учрашувида (4:0) асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди.
Учрашув давомида Ҳусанов 71 марта тўп билан муомала қилди. Ҳимоячи жами 58 та узатма амалга оширган бўлиб, уларнинг 54 таси аниқ манзилга етиб борди — 93 фоиз аниқлик. Sofascore портали ўзбекистонлик футболчининг ҳаракатларини 7,4 балл билан баҳолади.
Абдуқодир Ҳусановнинг ҳимоядаги ҳаракатлари:
- Ҳимоявий ҳаракатлар: 10 марта
- Ташланиб тўпни олиб қўйиш: 2 марта
- Тозалашлар: 4 марта
- Блок қўйиш: 2 марта
- Ҳужумни бартараф этиш: 4 марта
- Ерда курашлар: 6 марта (4 тҳаси муваффақиятли)
- Ҳаводаги курашлар: 1 марта (муваффақиятли)
“Манчестер Сити” сафида хет-трик қайд этган Эрлинг Ҳоланд ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди — 9,5 балл. Шунингдек, пенальтини бартараф этган ва дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолган Жеймс Траффорднинг ўйини 8,9 баллга лойиқ кўрилди. Голли узатма қайд этган икки футболчи Нико О’Райли — 8,5 балл, Райан Шерки эса 7,7 балл олди. Гол ва ассист муаллифига айланган Антуан Семенёни ҳаракатлари эса 7,5 балл билан билан баҳоланган.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” Англия Кубоги 1/4 финал босқичида “Ливерпуль”ни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. Учрашувдаги голлар Эрлинг Ҳоланд (хет-трик) ва Антуан Семенё ҳисобига ёзилди.








