Daryo

Ҳиндистонда апрель ойидан аҳолини илк марта рақамли форматда рўйхатга олиш бошланади

Уч миллион ходим жалб қилинадиган жараён бир йил давом этиши кутилмоқда.

1 дақиқа ўқиш3 315 кўришлар0 изоҳ1

Дунё бўйича энг кўп аҳолига эга мамлакат — Ҳиндистонда аҳолини ҳисоблаш бўйича улкан кампания бошланмоқда. Одатдагидан фарқли ўлароқ, бу сафар рўйхатга олиш ишлари илк бор рақамли форматда амалга оширилади. Бу ҳақда The Straits Times хабар берди.

Ҳар ўн йилда бир марта ўтказиладиган ушбу ялпи сўровнома аслида 2021 йилда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ коронавирус пандемияси сабабли қолдирилган эди. Режага кўра, жараён 1 апрелдан бошланади. Дастлабки босқичда фуқароларга онлайн тарзда рўйхатдан ўтиш учун вақт берилади.

Шундан сўнг, 3 миллиондан ортиқ давлат хизматчилари иштирокида уйма-уй юриш орқали амалга ошириладиган икки босқичли сўровнома бошланади. Аҳолини рўйхатга олиш бўйича комиссар Мритунжай Кумар Нараяннинг журналистларга маълум қилишича, юқоридаги икки босқичдан сўнг:

“Дастлаб уйлар ва яшаш шароитлари рўйхатга олинади. Кейин эса аҳоли сони ҳамда уларнинг иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлари ўрганилади”.

БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига кўра, Ҳиндистон 2023 йилда аҳоли сони бўйича (1,4 миллиарддан ортиқ) Хитойни ортда қолдирган эди.

Таҳлилчилар ва иқтисодчилар аҳолининг бундай ўсишини хавотирли деб ҳисобламайди. Ҳиндистон ҳукумати ёш аҳолининг кўплигини йирик иқтисодиётлар қариш билан курашаётган бир пайтда, малакали ишчи кучи захирасини яратиш учун катта имконият деб баҳоламоқда.

Шунингдек, ушбу рўйхатга олиш жараёнида каста (табақа) бўйича маълумотлар ҳам тўпланади. Минг йиллик тарихга эга бу тизим ҳамон Ҳиндистон ҳаёти ва сиёсатига кучли таъсир кўрсатади. Мамлакатда кўплаб касталарга асосланган сиёсий партиялар мавжуд бўлиб, давлат муассасалари ва олий таълим муассасаларида қуйи каста вакиллари учун махсус квоталар ажратилган.

Ҳиндистон охирги марта касталарни 2011 йилда (80 йиллик танаффусдан сўнг) ҳисоблаб чиққан эди. Бироқ маълумотларнинг аниқлиги борасидаги хавотирлар сабаб натижалар тўлиқ эълон қилинмаган.

Бу галги жараён 2027 йилнинг март ойида якунланиши кутилмоқда. Нараяннинг сўзларига кўра, илк бор рақамли шаклда юритилаётган маълумотлар тўплами сўровнома якунланиши билан тез фурсатларда очиқланади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар