Daryo

Сурия “Ҳизбуллоҳ”ни мамлакатни ўққа тутишда айблади

Ливандан отилган артиллерия снарядлари Сергая шаҳарчаси яқинига келиб тушди. Гуруҳ Сурия қуролли кучлари позицияларини нишонга олганликда айбламоқда.

1 дақиқа ўқиш2 902 кўришлар0 изоҳ4

Сурия расмийлари Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ливан шиа ҳаракати — “Ҳизбуллоҳ”ни тунда мамлакат ҳудудига артиллерия зарбалари берганликда айблади. Бу ҳақда Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги 10 март куни хабар берди.

Сурия армияси мулозимларининг маълум қилишича, Ливандан отилган артиллерия снарядлари Дамашқ ғарбидаги Сергая шаҳарчаси яқинига келиб тушган. Армия “Ҳизбуллоҳ”ни Сурия қуролли кучларининг позицияларини нишонга олганликда айбламоқда.

Шунингдек, Сурия томони Сурия-Ливан чегарасида “Ҳизбуллоҳ”нинг қўшимча кучлари тўпланаётганини кузатганини билдирди.

“Сурия армияси мамлакатга қарши қаратилган ҳар қандай агрессияга тоқат қилмайди”, дейилади армия баёнотида.

Ливан ўтган ҳафтада “Ҳизбуллоҳ” сабаб АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши домига тортилди. Гуруҳ Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилишига жавобан яҳудий давлатига ракеталар учирди.

Сўнгги кунларда Ливан шарқида “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил кучлари ўртасида тўқнашувлар давом этмоқда. Исроил бутун Ливан бўйлаб, жумладан, пойтахт Байрутга ҳам ҳаводан зарбалар бермоқда.

Ливан президенти Жозеф Аун “Ҳизбуллоҳ”ни давлатни қулатиш устида ишлаётганликда айблади. Гуруҳнинг парламентдаги блоки раҳбари эса уларда қаршилик кўрсатишдан бошқа вариант йўқлигини таъкидлади.

“Ҳизбуллоҳ” 2024 йил декабрь ойида ағдарилган Суриянинг собиқ президенти Башар Асадга фаол ҳарбий ёрдам бериб келган. Бироқ Асад режими қулагач, гуруҳнинг Сурия орқали ўтадиган таъминот йўллари кесиб қўйилди.

Ҳозирда Ливан ва Сурия расмийлари икки давлат ўртасидаги назорат қилиш қийин бўлган чегаралар орқали контрабанда оқимига қарши курашишга уринмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар