Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи дўст давлатларнинг кемалари учун Ҳормуз бўғози очилганини маълум қилди. Бу ҳақда Tasnim хабар берди.
“Биз дўст деб ҳисоблаган бир қанча давлатларга: масалан, Россия, Ҳиндистон, Ироқ, Хитой ва Покистонга Ҳормуз бўғозидан ўтишга рухсат бердик. Рақибларимизнинг бўғоздан фойдаланишига йўл қўйишдан маъно кўрмаяпмиз”, деди Арақчи.
Ҳормуз бўғози Форс кўрфази мамлакатларидан нефть ва суюлтирилган газ етказиб беришнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Эрон 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг республикага қарши ҳарбий операцияси бошланганидан кейин бўғозни барча кемалар учун ёпиб қўйди.
22 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп агар 48 соат ичида Ҳормуз бўғози тўлиқ очилмаса, АҚШ мамлакатдаги электр станцияларини йўқ қилиши билан таҳдид қилди. Эрон ҳукумати эса агар АҚШ қуруқликдаги операция ўтказса, бутун Форс кўрфазини миналаштиришидан огоҳлантирди. Таҳлилчиларга кўра, агар бўғоз 2026 йилнинг уч чораги давомида ёпиқ қолса, йил охирига бориб бир баррел нефть нархи 132 долларга етиши мумкин. 3200 га яқин кема Ҳормуз бўғозини кесиб ўтишга журъат этмасдан Форс кўрфазида қолиб кетган.








