Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Ливан жанубига зарба бериб, соғлиқни сақлаш муассасасида ишлаган 17 нафар тиббиёт ходимини ўлдирди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш идораларига таяниб, Middle East Эе нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 13 март куни кечқуруб Бинт Жбейл туманининг Бурж Қалавия қишлоғида юз берган. Тиббиёт марказига ҳужум сабаб шифокорлар, ҳамширалар ва фелдшерлар ҳалок бўлган. Маълум қилинишича, мамлакат Яқин Шарқни қамраб олган можарога тортилган 2 мартдан буён 31 нафар фелдшер ҳалок бўлган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилни ўз касб вазифасини бажарётган тез ёрдам бригадаларини қасддан нишонга олишда айблади. Исроил эса ўз навбатида, “Ҳизбуллоҳ” тез ёрдам машиналари ва тиббий инфратузилмадан ҳарбий мақсадларда фойдаланганини иддао қилди.
Қайта авж олган можаро
Исроилнинг Ливанга зарбалари “Ҳизбуллоҳ” мамлакат шимолига ракеталар билан ҳужум қилганидан сўнг бошланди. Ливан қуролли ташкилоти ўз ҳаракатини Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг ўлдирилишига жавоб сифатида изоҳлади. Шундан бери 800 нафардан ортиқ ливанлик ҳалок бўлди. Яна қарийб бир миллион Ливан фуқароси эса қочқинларга айланди.
Қурбонлар орасида 65 нафар аёл, 106 нафар бола бор. Шунингдек, яна 2009 киши жароҳат олган. Жумладан, Исроил ҳарбий ҳаво кучларининг Набатия шаҳридаги уйга зарбаси оқибатида эр-хотин ва уларнинг тўрт фарзанди ҳалок бўлган. Бундан ташқари, исроилликлар Литани дарёси устидаги кўприкни ҳам вайрон қилган.








