Эрон Ҳормуз бўғозини ёпмайди, бироқ бу муҳим денгиз йўлининг хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Бу ҳақда Эроннинг БМТдаги элчиси Амир Саид Ираванига таяниб, Reuters хабар берди.
Дипломат бу фикрларни БМТда журналистлар билан суҳбатда айтди. У шу тариқа Эрон олий раҳнамоси Можтаба Хоманаийнинг “Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйиш дастаги ишлашда давом этиши” ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.
“Биз Ҳормуз бўғозини ёпмоқчи эмасмиз. Лекин бу сув йўлида тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бизнинг ажралмас ҳуқуқимиздир”, деди у.
Ираваний “Эрон денгиз ҳуқуқи бўйича навигация эркинлиги тамойилини тўлиқ ҳурмат қилиши” ва унга содиқ қолишини айтди.
“Бироқ минтақадаги, жумладан, Ҳормуз бўғозидаги ҳозирги вазият Эроннинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан қонуний фойдаланиши натижаси эмас. Аксинча, бу Қўшма Штатларнинг Эронга қарши тажовузни бошлаш ва минтақавий хавфсизликка путур етказишдаги беқарорлаштирувчи ҳаракатларининг бевосита натижасидир”, деди Саид Иравани.
Иравани АҚШ молия вазири Скотт Бессентнинг баёнотига изоҳ бермади. Бессент Sky News телеканалига берган интервьюсида, зарур бўлса, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари халқаро коалиция билан бирга Ҳормуз бўғози орқали кемаларни кузатиб ўтиши мумкинлигини айтганди.








