АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон терма жамоасининг 2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионатида иштирок этиши уни қизиқтирмаслигини билдирди.
“Менга ҳақиқатан ҳам фарқи йўқ. Менимча, Эрон — жиддий мағлубиятга учраган мамлакат. Улар танг аҳволда”, деди Трамп Politico нашрига берган интервьюсида.
Жаҳон чемпионати 2026 йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Мусобақанинг “Г” гуруҳида Бельгия, Миср, Эрон ва Янги Зеландия терма жамоалари жой олган.
Агар АҚШ ва Эрон ўз гуруҳларида иккинчи ўринни эгалласа, бу икки мамлакат 3 июль куни Далласда бўлиб ўтадиган плей-офф баҳсида ўзаро тўқнаш келиши мумкин.
Аввалроқ Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Тож бундай ҳолатда мамлакат Жаҳон чемпионатини умид билан кутмаслигини таъкидлаган эди.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши ҳарбий операция бошлади. Ҳужумлар Эроннинг энг йирик шаҳарларига, жумладан Теҳронга ҳам йўналтирилди. Оқ уй ушбу ҳужум сабабини Теҳрондан келаётган ракета ва ядровий таҳдидлар билан изоҳлади.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бунга жавобан Исроилдаги объектларга ҳужум қилиб, кенг кўламли жавоб операциясини бошлади. Шунингдек, АҚШнинг Баҳрайн, Иордания, Қатар, Қувайт, БАА ва Саудия Арабистонидаги базаларига ҳам зарбалар берилди. Эронга берилган зарбалар натижасида олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди.








