Жанубий Суданнинг Рувен маъмурий ҳудудида 1 март куни содир этилган ҳужум оқибатида 122 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Рувен маъмурий ҳудуди ахборот вазири Жеймс Монйлиак Мижокнинг сўзларига кўра, қуролли гуруҳ Рувеннинг Абиэмном округига бостириб кирган. Ҳужум қўшни Юнити штатининг Маём округидан келган ёшлар томонидан амалга оширилган бўлиб, тўқнашувлар уч соатдан ортиқ давом этган.
Вазир томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, умумий қурбонлар сони 122 киши. Шулардан 82 нафари тинч аҳоли вакилларидир, уларнинг аксарияти болалар, аёллар ва кексалар ташкил этади.
Шунингдек, ҳалок бўлганлар орасида округ комиссари ва ижрочи директор ҳам бор. Яна 50 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
“Биз бугун тонгда қурбонларни дафн этишга муваффақ бўлдик”, дея қўшимча қилди вазир Мижок.
Сиёсий беқарорлик ва бузилаётган тинчлик
Ушбу қонли воқеа мамлакатда сўнгги ойларда кучайиб бораётган зўравонликларнинг бир қисмидир. Мамлакатда сиёсий ички курашлар 2018 йилда имзоланган “мўрт” тинчлик битимига хавф солмоқда. БМТ ва халқаро ҳамжамият бир йил аввал собиқ биринчи вице-президент Риэк Мачар ҳибсга олинганидан бери мамлакатда беқарорлик чуқурлашиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.
Низоларнинг келиб чиқиши
Жанубий Судан президенти Салва Киир ва унинг рақиби Риэк Мачар 2018 йилда беш йиллик фуқаролар урушига чек қўйиш мақсадида тинчлик шартномасини имзолаган эди. Маълумотларга кўра, ўша урушда 400 000 га яқин киши ҳалок бўлган.
Бироқ битимни амалга ошириш жараёни ўта суст бормоқда. Мухолиф кучлар ҳокимиятни тақсимлаш борасидаги келишмовчиликлар сабабли тез-тез қуролли тўқнашувларга киришмоқда.








