Англия Премьер Лигаси 28-туридан ўрин олган “Лидс” ҳамда “Манчестер Сити” ўртасидаги баҳс якунига етди. Лидс шаҳридаги “Эллан Роуд” стадионида кечган беллашувда “шаҳарликлар” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ягона гол 45+2-дақиқада “Манчестер Сити” футболчиси Антуан Семеньо томонидан киритилди.
Учрашувнинг иккинчи бўлими ҳам муросасиз, кескин курашлар остида ўтди. Бироқ дарвозалар бошқа ишғол қилинмади.
Натижада, “Манчестер Сити” ўз ҳисобига муҳим 3 очкони ёздириб қўйди. Жамоа айни пайтда АПЛ турнир жадвалида 59 очко билан иккинчи поғонани эгаллаб турибди. “Шаҳарликлар” етакчи “Арсенал”дан икки очкога ортда қолмоқда. Мағлубиятга учраган “Лидс” эса 31 очко билан 15-ўринни банд этган.
Мазкур учрашувда “Манчестер Сити”нинг ўзбекистонлик ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ва жамоа тўпурари Эрлинг Ҳоланд майдонга туширилмади.
Англия Премьер Лигаси
28-тур
“Лидс” — “Манчестер Сити” 0:1
Голлар: 0:1 — Семеньо (45+2)








