“Арсенал” клубининг қанот ҳужумчиси Букайо Сака Лондон клуби билан шартномасини узайтирганидан сўнг, Англия Премьер Лигасининг энг юқори маош олувчи беш нафар футболчиси рўйхатидан жой олди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, вингернинг янги маоши ҳафтасига 300 000 фунт стерлингни ташкил этади. Маълумот учун, АПЛда энг кўп маошни “Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд олади — ҳафтасига 525 000 фунт стерлинг.
Англия чемпионатининг энг юқори маош олувчи топ-10 футболчиси:
- Эрлинг Ҳоланд (“Манчестер Сити”) – ҳафтасига 525 000 фунт стерлинг
- Муҳаммад Салоҳ (“Ливерпуль”) – 400 000 фунт стерлинг
- Каземиро (“Манчестер Юнайтед”) – 350 000 фунт стерлинг
- Виржил ван Дейк (“Ливерпуль”) – 350 000 фунт стерлинг
- Букайо Сака (“Арсенал”) – 300 000 фунт стерлинг
- Бруну Фернандеш (“Манчестер Юнайтед”) – 300 000 фунт стерлинг
- Омар Мармуш (“Манчестер Сити”) – 295 000 фунт стерлинг
- Александер Исак (“Ливерпуль”) – 280 000 фунт стерлинг
- Кай Хаверц (“Арсенал”) – 280 000 фунт стерлинг
- Габриэль Жезус (“Арсенал”) – 265 000 фунт стерлинг.
Маълумот учун, Букайо Сака Лондон клуби билан амалдаги шартномасини 2031 йилга қадар узайтирди.
Аввалроқ матбуотда янги келишув инглиз футболчисининг маошини сезиларли даражада ошириши ва вингернинг Европадаги энг яхши ўйинчилардан бири сифатидаги мақомини тасдиқлаши ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Жорий мавсумда Букайо Сака клуб сафида барча турнирлар доирасида 34 та учрашувда майдонга тушиб, 8 та гол урди ва 5 та голли узатмани амалга оширди. Transfermarkt порталининг маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати 130 миллион еврони ташкил этади.
Айни дамда “Арсенал” 58 очко жамғарган ҳолда Англия Премьер Лигаси турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди. “Манчестер Сити” эса “тўпчилар”дан 5 очко ортда қолмоқда, бироқ “шаҳарликлар” ҳисобида битта захира ўйини мавжуд.








