Англия Премьер Лигасининг сўнгги тур учрашувлари бўлиб ўтди. Чемпионлик масаласини муддатидан олдин ҳал қилиб, Чемпионлар Лигаси чиптасини нақд қилган “Арсенал” меҳмонда “Кристал Пэлас”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва 22 йил кутилган чемпионликни нишонлади.
Охирги турларга келиб чемпионликни қўлдан чиқарган Пеп Гвардиола бошқарувидаги “Манчестер Сити” ўз уйида Европа Лигасининг амалдаги ғолиби “Астон Вилла”ни қабул қилди. “Шаҳарликлар” ушбу баҳсда 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Гарчи бу натижа манчестерликларнинг турнир жадвалидаги ўрнига таъсир қилмаган бўлса-да, бирмингемликларга мавсумни кучли тўртликда якунлаш имкониятини тақдим этди. Манчестер шаҳрининг яна бир жамоаси — “Манчестер Юнайтед” эса “Брайтон” майдонида йирик ҳисобда зафар қучиб, мавсумни 3-ўринда якунлади.
Шу билан бирга, “Ливерпуль” ўз уйида “Брентфорд” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Мерсисайдликлар мавсумни 5-ўринда якунлаган бўлса-да, “Астон Вилла”нинг Европа Лигасида ғалаба қозонгани ортидан кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Параллел кечган учрашувларда “Тоттенҳэм” ҳамда “Вест Ҳэм” клублари АПЛда жон сақлаб қолиш учун кураш олиб борди. Якунда “шпорлар” “Эвертон”ни таслим этиб, 38-турдан сўнг 41 очко жамғарган ҳолда 17-ўринни эгаллади ва лигада қолди. “Болғачилар” эса сўнгги турда “Лидс” устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонганига қарамай, 18-ўриндан юқорига кўтарила олмади ва АПЛни тарк этди. Жамоа келаси мавсумни Чемпионшипда ўтказади. Шунингдек, мавсум якунларига кўра “Вулверҳэмптон” ва “Бёрнли” клублари ҳам қуйи лигага тушиб кетди.
Лондоннинг яна бир жамоаси “Челси” меҳмонда “Сандерленд”га имкониятни бой берди. “Аристократлар” якунда 10-ўринни банд этиб, келаси мавсум еврокубокларидан қуруқ қолди. “Сандерленд” эса ушбу ғалабаси эвазига Европа Лигаси иштирокчисига айланди.
Кейинги мавсум Англия Премьер Лигасидан 8 та жамоа еврокубокда иштирок этади. Жумладан, “Арсенал”, “Манчестер Сити”, “Манчестер Юнайтед”, “Астон Вилла” ва “Ливерпуль” Чемпионлар Лигасида иштирок этса, “Борнмут” ва “Сандерленд” Европа Лигасида қатнашади. Мавсумни 8-ўринда якунлаган “Брайтон” эса Европа Конференциялар Лигасида ўйнайди.
Маълумот ўрнида, “Ковентри”, “Ипсвич” ва “Ҳалл Сити” жамоалари 2026/27 йилги мавсум Англия Премьер Лигаси йўлланмасини қўлга киритди.








