Португалия футбол федерацияси терма жамоанинг бўлажак Жаҳон чемпионатидаги иштироки бўйича аниқ мақсадни белгилади. The Touchline нашри хабарига кўра, миллий жамоа олдига камида финалга чиқиш вазифаси қўйилган.
Манбага кўра, федерация раҳбарияти Португалия терма жамоасининг имкониятларини юқори баҳоламоқда. Турнирнинг дастлабки босқичларидаёқ муваффақиятсизликка учраш эса “шармандали мағлубият” сифатида қабул қилиниши мумкинлиги таъкидланган. Раҳбарият амалдаги таркибни чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрмоқда.
Маълумот учун, Португалия терма жамоасининг Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг юқори натижаси 1966-йилги мундиалда қайд этилган. Ўшанда португалияликлар учинчи ўринни эгаллаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2026-йилги Жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида 11 июндан 19 июлгача ўтказилади. Қуръа натижаларига кўра, Португалия терма жамоаси “K” гуруҳидан жой олган. Уларга Ўзбекистон, Колумбия ҳамда плей-офф орқали йўлланма оладиган жамоа (Конго, Янги Каледония ёки Ямайка) рақиблик қилади.








