Ўзбекистон Суперлигаси чемпионлигини қўлга киритган “Нефтчи” ҳамда мамлакат кубогининг амалдаги ғолиби “Пахтакор” ўртасидаги Суперкубок учрашуви 15 март куни Андижон шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, беллашув мезбонлиги учун Олмалиқ ҳамда Наманган шаҳридаги стадионлар ҳам ариза топширган. Аммо Олмалиқдаги “ОКМК” стадиони ва Намангандаги “Марказий” стадионда таъмирлаш ишлари давом этаётгани, уларнинг қайта фойдаланишга топширилиш саналари ҳозирча аниқ эмаслиги сабабли бу вариантлардан воз кечилган. Натижада Андижондаги “Бобур арена” энг мақбул вариант сифатида танланган.
“Сўнгги йилларда ушбу ўйин одатда май ойида ташкил этиб келинган. Бироқ мамлакат бош жамоаси Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган мавсумда мухлислар учун муҳим бўлган супер баҳс март ойига режалаштирилди”, дейилади ЎзПФЛ берган хабарда.
Маълумот учун, “Бобур арена” кетма-кет иккинчи мавсум йирик футбол учрашувига мезбонлик қилмоқда. Бир йил аввал Ўзбекистон кубоги финали тарихда илк бор Андижон шаҳрида бўлиб ўтганди. Таъкидлаш жоиз, Андижон вилояти ҳозирга қадар Суперкубок ўйинига мезбонлик қилмаган бўлиб, ушбу беллашув “Бобур арена” тарихида ҳам илк Суперкубок учрашуви сифатида қайд этилади.








