Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 20-туридан ўрин олган бир қатор учрашувлар якунланди.
“Бунёдкор” — “Сурхон”
Куннинг илк ўйинида Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси “Сурхон” клубини қабул қилди ва кичик ҳисобда мағлуб бўлди.
“Қалдирғочлар” вакили Ислом Анваров 67-дақиқада қизил карточка олиб, майдондан четлатилди. Баҳснинг 77-дақиқасида меҳмонлар яримҳимоячиси Торнике Дзебниаури ҳисобни очди. Ушбу натижа ўйин якунига қадар ўзгармади ҳамда меҳмонлар муҳим ғалабани қўлга киритди — 0:1.
Ушбу ғалабадан сўнг “Сурхон” 23 очко билан турнир жадвалида 12-ўринда бормоқда. “Бунёдкор” эса 19 очко билан 15-ўриндан жой олган.
“Бунёдкор” 20-тур доирасида меҳмонда “Насаф” билан баҳс олиб боради. “Сурхон” эса “Нефтчи” жамоасига қарши ўйнайди.
Ўзбекистон Суперлигаси, 20-тур
“Бунёдкор” — “Сурхон” 0:1
Голлар: 0:1 — Дзебниаури (77).
“Навбаҳор” — “Локомотив”
Турнинг яна бир ўйини Наманганда бўлиб ўтди. Унда “Навбаҳор” жамоаси “Локомотив” клуби билан баҳс олиб борди.
Учрашувнинг 40-дақиқасида мезбонлар ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев Муҳаммадали Усмоновнинг узатмасидан сўнг ҳисобни очди. Иккинчи бўлимнинг 72-дақиқасида “темир йўлчилар” футболчиси Жасур Яхшибоев мувозанатни тиклади. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади. Натижада жамоалар дурангга имзо чекди — 1:1.
“Навбаҳор” 38 очко билан турнир жадвалида 3-ўриндан жой олган. “Локомотив” эса 36 очко билан турнир жадвалида 6-ўринда бормоқда.
21-тур доирасида “Навбаҳор” “Бухоро” жамоасига қарши баҳс олиб боради. “Локомотив” эса “Машъал”га сафар қилади.
Ўзбекистон Суперлигаси, 20-тур
“Навбаҳор” — “Локомотив” 1:1
Голлар: 1:0 — Норчаев (40), 1:1 — Яхшибоев(72).
“Насаф” — “Нефтчи”
Турнинг марказий баҳсида Қаршининг “Насаф” жамоаси Фарғонанинг “Нефтчи” клубини қабул қилди ва “аждарлар” ўз уйида голларга бой бўлган баҳсда 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Мезбонлардан Бобур Абдухолиқов дубль қайд этди. Шароф Муҳиддинов, Алибек Давронов, Аденис Шала ва Умар Эшмуродовлар “Насаф”нинг қолган голларига муаллифлик қилди. “Нефтчи” жамоасидан эса Алишер Одилов ҳамда Стипе Перица рақиб дарвозасини ишғол қилди — 6:2.
Ушбу ғалабадан сўнг “Насаф” 28 очко билан турнир жадвалида 7-ўринга кўтарилди. “Нефтчи” эса 45 очко билан ҳамон пешқадамлик қилмоқда.
“Насаф” 21-тур доирасида “Бунёдкор”ни ўз майдонида қабул қилади. “Нефтчи” эса “Сурхон” жамоаси билан баҳс олиб боради.
Ўзбекистон Суперлигаси, 20-тур
“Насаф” — “Нефтчи” 6:2
Голлар: 1:0 — Эшмуродов (7), 2:0 — Абдухолиқов (8), 3:0 — Муҳиддинов (22), 4:0 — Шала (40), 5:0 — Абдухолиқов (53), 5:1 — Одилов (59), 6:1 — Давронов (80), 6:2 — Перица (89).
“Пахтакор” — “Андижон”
Куннинг сўнгги ўйинида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси “Андижон” клубини қабул қилди.
Учрашувнинг биринчи бўлими 21-дақиқасида мезбонлар ҳимоячиси Зайд Таҳсин Башар Ресаннинг узатмасини голга айлантирди ва ҳисобни очди. Ўйиннинг 29-дақиқасида “шерлар” яримҳимоячиси Сардор Собирхўжаев гол уриб, фарқни иккитага оширди. Иккинчи бўлимнинг 69-дақиқасида Муҳаммадрасул Абдумажидов ўйинга сўнгги нуқтани қўйди. Ушбу ҳисоб баҳс якунига қадар ўзгармади ҳамда “Пахтакор” 3 очкони қўлга киритди — 3:0.
“Пахтакор” 40 очко билан турнир жадвалида 2-ўринда бормоқда. “Андижон” эса 26 очко билан 8-поғонадан жой олган.
“Пахтакор” 21-тур доирасида “ОКМК” жамоасига қарши баҳс олиб боради, “Андижон” эса “Қўқон-1912” билан ўйнайди.
Ўзбекистон Суперлигаси, 20-тур
“Пахтакор” — “Андижон” 3:0
Голлар: 1:0 — Таҳси (21), 2:0 — Собирхўжаев (29), 3:0 — Абдумажидов (69).








