“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Исроилнинг Ғазога уюштираётган ҳужумлари ҳақидаги баёнотларидан сўнг Манчестер шаҳридаги яҳудийлар жамоаси вакиллари томонидан танқид остига олинди. Улар испаниялик мутахассисни “келгусида ишлатадиган ибораларига эҳтиёткорроқ бўлиш”га чақирди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди.
Гвардиола ўтган ҳафта Барселонада бўлиб ўтган хайрия тадбирида фаластинлик болаларни қўллаб-қувватлаб нутқ сўзлаган эди. Шунингдек, у Яқин Шарқдаги можаро, жумладан Ғазодаги вазият бегуноҳ инсонлар азоб-уқубат чекаётгани сабаб уни бефарқ қолдирмаслигини ва айнан шу ҳолат уни фикр билдиришга ундаётганини айтган.
Бироқ Буюк Манчестер ва минтақа Яҳудий вакиллари кенгаши Гвардиолани “футболга эътибор қаратишга” чақирди. Уларнинг фикрича, бундай баёнотлар антисемитик ҳолатларнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, ташкилот Гвардиолани ўтган йил октябрь ойида Heaton Park синагогасида юз берган ва икки киши ҳалок бўлган ҳужумдан кейин Манчестер яҳудийлар жамоасига нисбатан етарли ҳамдардлик билдирмаганликда айблади.
Ташкилотнинг X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотда шундай дейилади:
“Биз машҳур шахслардан сўзларининг оқибатлари ҳақида ўйлашни бир неча бор сўраганмиз, чунки бутун дунё бўйлаб яҳудийларга нисбатан ҳужумлар давом этмоқда. Пеп Гвардиола — футбол мураббийи. Унинг инсонпарварлик фикрлари яхши ният билан айтилган бўлиши мумкин, бироқ у футболга эътибор қаратиши лозим”.
Шунингдек, баёнотда “Манчестер Сити” мураббийи бир ҳафта ичида иккинчи бор Яқин Шарқ можароси бўйича баҳсли фикр билдиргани қайд этилиб, бу ҳолат клуб ва жамоани ноқулай вазиятга солаётгани таъкидланган.
Маълумот учун, Пеп Гвардиола “Манчестер Сити”ни 2016-йилдан бери бошқариб келмоқда. Унинг бошқарувида клуб 2017-йилдан 2024-йилга қадар 6 марта АПЛ ғолиблиги, Чемпионлар Лигаси, УЕФА Суперкубоги ҳамда Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати каби мусобақаларда зафар қучган.








