“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола 29 январь, пайшанба куни кечқурун Барселонада бўлиб ўтган Фаластинни қўллаб-қувватлашга бағишланган хайрия концертида Ғазодаги фаластинлик болаларни ҳимоя қилиб чиқди. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар берди. Тадбир Барселонадаги “Palau Sant Jordi” спорт аренасида, мураббий туғилиб ўсган шаҳарда ўтказилган “Act X Palestine” хайрия концерти доирасида ташкил этилди.
Футболдан ташқари фаластинликларни қўллаб-қувватлаши билан ҳам танилган каталониялик мутахассис саҳнага фаластин рўмоли куфияни елкасига ташлаган ҳолда чиқди. У нутқини “хайрли кеч” сўзи билан бошлаб, “Ассалому алайкум” деб давом эттирди.
“Охирги икки йил давомида ижтимоий тармоқлар ва телевизорда вайроналар орасида туриб, ‘Онам қаерда?’ деб ёрдам сўраб ўзини видеога олаётган болани кўрганимда, доим бир хил фикр келади. У ҳанузгача онасининг қаерда эканини билмайди. Мен ҳар доим ўйлайман: улар ҳозир нимани ҳис қилаётган бўлиши мумкин? Менимча, биз фаластинлик болаларни ёлғиз қолдирдик, ташлаб қўйдик.
Кучлилар — қўрқоқ, чунки улар бегуноҳ одамларни бошқа бегуноҳ одамларга қарши ўлдириш учун юборади… Ўзлари эса совуқда иссиқ уйда, иссиқда эса кондиционер остида яшаб, бегуноҳ одамларни урушга юбормоқда”, дейди Пеп Гвардиола.
Маълумот учун, Пеп Гвардиола “Манчестер Сити”ни 2016-йилдан бери бошқариб келмоқда. Унинг бошқарувида клуб 2017 йилдан 2024 йилга қадар 6 марта АПЛ ғолиблиги, Чемпионлар Лигаси, УЕФА Суперкубоги ҳамда Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати каби мусобақаларда зафар қучган.








