Daryo

“Солиқ сиёсати қайта кўриб чиқилиши керак” — иқтисодчи ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар ҚҚСга тортилиши ҳақида

Айланмаси 1 млрд сўмга етмаган айрим якка тартибдаги тадбиркорлар ҚҚС тўлашга ўтказилган. Бундан бизнес вакиллари хавотирда. Иқтисодчи Исломбек Ниёзметов ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганларни ҚҚСга тортиш мутлақо нотўғри эканини айтди. Профессор солиқ сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирди.

5 дақиқа ўқиш26 449 кўришлар1 изоҳ66

Ижтимоий тармоқларда пул айланмаси бир миллиард сўмга етмаган якка тартибдаги тадбиркорлардан қўшилган қиймат солиғи ундиришга ўтилгани ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳолат бизнес вакилларида хавотир уйғотмоқда. Солиқ қўмитаси янги тартиб амалдаги қонунларга мувофиқлигини маълум қилди. Иқтисодчи Исломбек Ниёзметов эса мазкур йўналишдаги солиқ сиёсати нотўғри юритилаётганини айтди. Хўш, энди нима бўлади?

Фото: “Дарё”

Бизнес хавотирда

Айрим якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) солиқ билан боғлиқ муаммога дуч келаётгани ҳақида хабар тарқалди. Қайд этилишича, йиллик пул айланмаси 1 миллиард сўмга етмаганлар ҳам қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўлашни бошлаган. Табиийки, бу ҳолат эътирозлар уйғотмоқда.

Кичик бизнес вакиллари ҚҚСга тортиш жараёни олдиндан огоҳлантиришсиз, автоматик тарзда амалга оширилаётганини билдирган. Натижада улар қўшимча ҳисоботлар топшириш, электрон ҳисоб-фактуралар юритиш, мураккаб бухгалтерия талаблари ва жарималар хатари билан юзма-юз қолаётгани айтилган. Алалоқибат мазкур ҳолат бизнес рентабеллигига салбий таъсир қилишидан хавотир кучайган.

Фото: “Дарё”

Ўзи нима гап?

2025 йил декабрда Солиқ кодексининг 462-моддаси 8-қисмига ўзгартириш киритилган. Бундан аввал янги очилган ЯТТ йиллик даромади 1 миллиард сўмдан ошса, келаси ойданоқ ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ўтарди. 2026-йилдан эса тартиб ўзгарди. Энди янги расмийлаштирилган ЯТТ ёки ўзини ўзи банд қилганлар даромади улар рўйхатдан ўтган кундан йил якунигача бўлган вақт бўйича ҳисобланади. Мазкур даврда миқдор 1 миллиард сўмдан ошса, тадбиркор дарҳол эмас, рўйхатдан ўтганидан бир йил ўтгач ҚҚС ва фойда солиғини тўлай бошлайди. Солиқ қўмитаси вазият бўйича изоҳ бериб, назорат суммаси қуйидаги тартибда аниқланишини билдирди.

Фото: “Дарё”

1 миллиард сўм 365 кунга бўлиниб, солиқ тўловчи рўйхатдан ўтган санадан йил охиригача бўлган кунлар сонига кўпайтирилади. Масалан, агар ЯТТ 2025 йил 1 октябрьда рўйхатдан ўтиб, йил охиригача 300 миллион сўм даромад олди. Бу миқдор ҳисобланган 252,05 миллион сўмлик назорат кўрсаткичидан юқори бўлади ва у 2026 йил 1 январдан ҚҚС ҳамда фойда солиғини тўлашга ўтади, дея маълум қилди қўмита.

​Дейлик, ЯТТ 2025 йил 1 ноябрда рўйхатдан ўтиб, йил охиригача 150 миллион сўм даромад олди. Ноябрь ва декабрь ойлари учун назорат суммаси 167,12 миллион сўм бўлади. Демак, тадбиркор даромади мазкур кўрсаткичидан кам бўлгани учун ҚҚС ва фойда солиғи тўламайди. Агар кўрсатилган миқдордан кўп даромад олинса, 2026-йилдан мазкур солиқларни тўлашга ўтади. Умуман олганда, ушбу тартиб янги рўйхатдан ўтган ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятига тааллуқли. Илгари рўйхатдан ўтганлар даромади йил бошидан йиллик айланма асосида ҳисобланади. Улар даромади бир миллиард сўмдан ошган кундан эътиборан ҚҚС ва ва фойда солиғи тўловчисига айланади.

Кодексда агар тадбиркор ҚҚС ва фойда солиғини тўлашга ихтиёрий ўтса-ю, йиллик даромади бир миллиард сўмдан ошмаса, айланмадан олинадиган солиқ тўлашга камида 12 ойдан кейин ўтишига тўғри келиши ёзилган. Яъни унгача ҚҚС ва фойда солиғи тўлашга мажбур бўлади. 

2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 284,4 мингта якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритмоқда. 2025 йил июнь якунигача республикада 5,5 миллион киши ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтгани маълум қилинган.

Фото: “Дарё”

Янги тартиб нималарга олиб келади?

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Исломбек Ниёзметов “Дарё” мухбири билан суҳбатда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга (ЎЎБҚШ) нисбатан нотўғри солиқ сиёсати юритилаётганини айтди. Иқтисодчи фикрича, кичик, айниқса, микробизнес оғир солиқлардан ҳимояланиши муҳим.

Исломбек Ниёзметовнинг таъкидлашича, ўзини ўзи банд қилганлик ва якка тартибдаги тадбиркорлик Ўзбекистонда ўзининг асл моҳиятини йўқотган.

Хусусан, ЯТТга ишчи ёллаш ҳуқуқи берилгани, аслида, нотўғри бўлган. Моҳиятига кўра, у якка, яъни ёлғиз бир ўзи фаолият юритадиган тадбиркор бўлиши керак. Шунда ишчиларидан даромад солиғини ушлаб, бюджетга ўтказадиган солиқ агенти бўлмас эди. Шу билан бирга, ўзини ўзи банд қилганларни тадбиркорлик субъекти деб бўлмайди. Чунки 2020-йилда бу институт жорий қилинганида уларга ўзининг якка тартибдаги шахсий меҳнатига асосланган ҳолда даромад топувчи оддий жисмоний шахс мақоми берилган. Бутун дунёда ҳам мустақил банд шахсларга шундай қаралади. Уларнинг тушумлари тадбиркорлик айланмаси эмас, меҳнат даромади ҳисобланади. Шундай экан, жисмоний шахслар оддий тартибда даромад солиғи тўлаши лозим. Ўзини ўзи банд қилувчилар ҳеч қачон тадбиркорга тенглаштирилмаслиги зарур. Уларнинг айланмадан солиқ, қўшилган қиймат солиғи ёки фойда солиғи тўлаши мутлақо нотўғри. Чунки мазкур солиқлар тадбиркорлик солиқлари ҳисобланади, деди олим.

Фото: “Дарё”

Иқтисодчи ўзини ўзи банд қилганлар дастлаб йиллик даромади 100 миллион сўмдан ошганда якка тадбиркор сифатида солиққа тортилиши, жорий йилдан бошлаб эса тўлиқ ЯТТга тенглаштирилгани ҳолда айланмадан солиққа ўтказиб юборилгани катта хато эканини айтди. Эндиликда ЯТТ ва ЎЎБҚШ учун жисмоний шахс сифатида декларация асосида даромад солиғи тўлаш имконияти йўққа чиқарилди.

Солиқ қонунчилигидаги чигаллик туфайли ўзининг ҚҚСга ўтиб кетганини билмай қолиш, натижада ҚҚС тўловчисининг махсус гувоҳномасини вақтида ололмаслик оқибатида нафақат ЯТТ ва ЎЎБҚШ, балки кўплаб кичик бизнес субъектлари номигагина “ҚҚС” бўлган, аслида, 12 фоизлик айланма солиғи эффектини бераётган солиқни тўлаб беришга мажбур бўлмоқда.

Моҳиятига кўра, қўшилган қиймат солиғи айнан қўшилган қийматга тушиши керак, бутун “оборот”га эмас. Солиқ кодексидаги мураккабликлар ва ҚҚС гувоҳномасини бериш билан боғлиқ “ўйинлар” туфайли солиқ органлари тадбиркорлик субъектларидан 12 фоизли “айланмадан солиқ” ундирмоқда. Яъни тадбиркорнинг бутун даромадига нисбатан ҚҚС ҳисобланади. Лекин кирим қилинган (кирувчи) ҚҚС чегириб ташланмайди. Бу якунда ҚҚС эмас, 12 фоизлик айланмадан солиқ бўлиб қолади. Мазкур амалиёт жуда ҳам ёмон, деди мутахассис.

​Исломбек Ниёзметов якка тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилганларга нисбатан нотўғри солиқ сиёсати юритилаётгани ёмон оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди. ҚҚС тўлаш уларга молиявий зарба беришини айтиб, солиқ юки ошиб кетишини таъкидлади. Бунинг ортидан фаолият юритиш мураккаблашади, балки тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Ўз навбатида, ҳуқуқбузарлик кўпайиши фонида коррупция авж олиши эҳтимоли ҳам юқори.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар