Daryo

Қирғизистон темир йўл қурилиши учун Хитойдан 305 млн доллар кредит олади

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси 5 млрд долларга баҳоланмоқда. Маблағнинг асосий қисми Қирғизистондан ўтувчи участкани қуришга йўналтирилади.

1 дақиқа ўқиш4 054 кўришлар0 изоҳ4

Қирғизистон Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ўз молиявий мажбуриятларини бажариш учун Хитойдан 305 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит жалб қилади. Бу ҳақда 24.kg хабар берди.

Транспорт вазири ўринбосари Алмаз Турғунбоевга кўра, кредит 25 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан, йилига 1,5 фоиз ставкада тақдим этилмоқда. Бунда кредит умумий суммасининг 35 фоизи грант сифатида берилади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Шу билан бирга, маблағларнинг асосий қисми, яъни 4,7 доллар Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи участкани қуришга йўналтирилади. Ўзбекистонда темир йўл инфратузилмаси мавжуд, у ерда фақат таъмирлаш ишлари кўзда тутилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун учта давлат қўшма корхона таъсис этган. Қирғизистоннинг молиявий иштироки 24,5 фоизни ташкил этади. Бишкек ўз улушини давлат бюджети ҳамда лойиҳани тенг улушларда молиялаштирадиган Хитой кредити ҳисобидан қоплайди.

Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси ҳақида

Ушбу темир йўл қурилиши ғояси 1996 йилдан бери муҳокама қилиниб келинган. Шу вақт ичида томонлар қурилиш шартлари бўйича бир неча бор келишиб олган, камида 18 та техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилган. Лойиҳани амалга ошириш мураккаб географик шароитлар, темир йўл изининг кенглиги каби ҳал этилмаган масалалар билан мураккаблашди. Лойиҳани молиялаштириш масаласи энг мураккаблиги билан ажралиб турди.

2024 йил июнь ойида уч давлат вакиллари темир йўл қурилиши тўғрисидаги битимни расман имзолади ва молиялаштириш шартларини белгилади. 2024 йил 27 декабрида Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли қурилиши бошланди. 2025 йил 16 декабрь куни темир йўл қуриш лойиҳасини молиялаштириш бўйича кредит битими имзоланди.

“Бу бизнинг дўстона мамлакатларимиз қарийб 30 йилдан буён ҳаракат қилиб келган чинакам тарихий воқеадир”, деган президент Шавкат Мирзиёев.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар