Daryo

Кема ва қирувчи самолётлар: Трамп Эрон томон йирик флот юборди

Abraham Linkoln авиаташувчиси шу кунларда Яқин Шарққа етиб бориши кутилмоқда. Эрон кескинлик фонида шай ҳолатда турганини эълон қилди.

2 дақиқа ўқиш9 603 кўришлар0 изоҳ5

АҚШ президенти Дональд Трамп “ҳар эҳтимолга қарши” Эрон томон йирик флот ҳаракатланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда унинг бортдаги нутқига таяниб Al Jazeera хабар берди.

“Мен ҳеч нарса содир бўлмаслигини хоҳлардим. Аммо биз уларни диққат билан кузатяпмиз. Бизда армада бор. Бу йўналиш (Эрон назарда тутилган) томон ҳаракатланаётган улкан флотимиз мавжуд. Балки ундан фойдаланишга ҳожат ҳам қолмас. Кўрамиз”, деди Трамп.

Исроилнинг Haaretz нашри америкалик икки расмийга таяниб, АҚШ Яқин Шарққа эсминецлар ва қирувчи самолётлар ҳамроҳлигидаги USS Abraham Linkoln авиаташувчисини юборгани ҳақида хабар берди. Улар ўтган ҳафта Осиё–Тинч океани минтақасини тарк этган ва “яқин кунларда” Яқин Шарққа етиб бориши кутилмоқда.

19 январь куни The Jerusalem Post авиаташувчи ва зарба берувчи гуруҳлар Малайзия ва Индонезия ўртасида жойлашган Малакка бўғозига етиб боргани ҳақида ёзган эди.

Эрон билан кескинликнинг кучайиши фонида Исроил армияси бош штаби бошлиғи генерал Эял Замир ҳар қандай душманга қарши ҳаракат қилишга тайёр эканликларини айтди. У Неватим авиабазасига ташрифи чоғида учувчиларга 2025 йил июнь ойида Эрон билан бўлган 12 кунлик уруш давомида қимматли тажриба орттирганликларини таъкидлади.

“Биз бу тажрибадан сабоқ чиқаришни ва исталган вақтда Исроил хавфсизлигини таъминлаш учун ундан фойдаланишни биламиз”, деди Замир.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал Муҳаммад Пакпур АҚШ ва Исроилни “янада оғир ва изтиробли оқибатларга дучор бўлмаслик учун ҳар қандай хатони тузатишга” чақирди.

“Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва Эрон олий бош қўмондоннинг буйруқ ва фармойишларини бажаришга ҳар қачонгидан ҳам тайёрдир”, дея огоҳлантирди у.

Бундан ташқари, Эрон расмий шахслари ҳарбий ҳаракатлар содир бўлган тақдирда Исроил ҳудуди, шунингдек, Яқин Шарқда жойлашган Америка ҳарбий базалари “қонуний нишонлар”га айланиши ҳақида огоҳлантирган. Трамп аввалроқ Эронда олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ҳукмронлигига чек қўйишга чақирганди.

АҚШ президенти агар ҳукумат намойишларни куч билан бостирса ва одамлар ўлимига йўл қўйса, Эрон намойишчиларига ёрдам беришини бир неча бор айтган. Кейинроқ у риторикани юмшатган ва 16 январь куни Теҳрон намойишчиларни қатл қилишни бекор қилгани сабабли Эронга зарба бермасликка қарор қилганини айтган. Эрондаги норозилик намойишлари оқибатида 3 117 киши ҳалок бўлди, уларнинг 2 427 нафари тинч аҳоли вакиллари ва хавфсизлик кучлари ходимлари ҳисобланади.

Эронда 28 декабрдан буён оммавий намойишлар давом этмоқда. Норозиликлар Теҳроннинг асосий бозорида бошланган, дастлаб дўкондорлар гиперинфляция ва нархларнинг кескин ўзгаришига қарши савдо нуқталарини ёпган. Кейинчалик акциялар бошқа ҳудудларга ҳам тарқалиб, сиёсий тус олган. Эрон иқтисодиёти халқаро санкциялар сабаб жиддий босим остида қолмоқда. Хусусан, миллий валюта — риёл 2025 йил давомида АҚШ долларига нисбатан қийматининг учдан биридан кўпроғини йўқотган.

Ҳукумат 4 январь куни иқтисодий босимни юмшатиш мақсадида ҳар бир фуқаро учун ойлик нафақа жорий этилишини эълон қилган. Ушбу тўлов ўртача ойлик иш ҳақининг тахминан 3,5 фоизига тенг. Аҳолиси 90 миллиондан ортиқ бўлган Эронда энг кам иш ҳақи тахминан 100 доллар, ўртача ойлик маош эса 200 доллар атрофида.



Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар