“Манчестер Юнайтед” клуби “Ноттингем Форест”нинг 23 ёшли марказий ҳимоячиси Мурильо номзодини Ҳарри Магуайр учун ўринбосар сифатида кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.
Манбага кўра, “қизил иблислар” бразилиялик футболчини 2026-йилнинг ёзида ўз сафига қўшиб олиши мумкин. Таъкидланишича, Мурильо 2025 йил январь ойида шартномасини узайтирганига қарамай, “ўрмончилар” сафини тарк этишга тайёр. Бунга жамоанинг охирги учрашувлардаги натижалари сабаб бўлмоқда. Агар “Ноттингем” жорий мавсум Европа Лигасида ғалаба қозона олмаса, кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида қатнаша олмаслиги мумкин. Футболчи эса қиътанинг энг нуфузли мусобақасида қатнашиш учун бошқа жамоага ўтиш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ футболчига “Челси”, “Барселона” ҳамда “Арсенал” ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Унга кўра, мазкур жамоалар ҳам бразилиялик ҳимоячини ўз жамоасига таклиф қилишни истамоқда.
Жорий мавсумда Мурильо “Ноттингем Форест” сафида жами 21 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 1 та гол ёздириб қўйган. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt порталига кўра, Мурильонинг бозор қиймати 55 миллион еврони ташкил этади.








