Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клуби бир қатор ўйинчилар билан ҳамкорликни давом эттиради.
Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, жамоа аъзолари Башар Ресан ва Достон Ҳамдамов билан тузилган шартномалар 2026 йил охирига қадар узайтирилган.
Шунингдек, Рустам Турдимуродов ва Саидумархон Саиднуруллаев 2027 йил охиригача мўлжалланган янги келишувни имзолаган. 2025 йилги Ўзбекистон Суперлигасининг энг яхши дарвозабони Владимир Назаров эса 2028 йил якунига қадар “Пахтакор” сафида фаолиятини давом эттиради.
Аввалроқ “Пахтакор” “Насаф”нинг икки футболчиси — Шерзод Насруллаев ҳамда Ойбек Бозоров билан 2 йиллик шартнома имзолагани хабар қилинган эди. Шунингдек, “шерлар” ўтган мавсум “Қизилқум” шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Санжар Қувватовни ҳам ортга қайтарди.
Россиялик дарвозабон Никита Шевченко, бразилиялик дарвозабон Жонатан, колумбиялик ҳужумчи Брайан Риаскос ҳамда ўзбекистонлик тўрт нафар футболчи — Игор Сергеев, Умар Адҳамзода, Диёр Ҳолматов ва Бобур Абдухолиқов эркин агент сифатида “Пахтакор”ни тарк этди.
Маълумот учун, якунланган мавсум “Пахтакор” 60 очко билан Ўзбекистон Суперлигасида 2-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, жамоа Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланди. Жамоа 2026 йилги мавсумда Осиё Чемпионлар Лигаси 2 турнирида иштирок этади.








