Тошкентнинг “Пахтакор” клуби 5 январь, душанба куни 3 та трансферни эълон қилди. Клуб матбуот хизмати “Насаф”нинг икки футболчиси Шерзод Насруллаев ҳамда Ойбек Бозоров билан шартнома имзоланганини эълон қилди. Шунингдек, тошкентликлар 2019/22-йиллар давомида клуб шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Санжар Қувватовни ҳам ортга қайтарди.
Чап қанот ҳимоячиси Шерзод Насруллаев клуб билан икки йиллик шартнома имзолади. У ҳозирга қадар Суперлигада 147 та учрашувда 10 та гол ва 25 та голли узатмага муаллифлик қилган. Шунингдек, Осиёдаги клублар иштирокидаги халқаро турнирларда 27 та ўйинда майдонга тушган.
Шунингдек, ярим ҳимоячи Ойбек Бозоров ҳам “Пахтакор” билан икки йиллик шартнома имзолаган. Бозоров Суперлигада 165 та учрашувда 23 та гол ва 32 та голли узатма қайд этган, Осиё миқёсидаги мусобақаларда эса 31 та баҳсда иштирок этган.
Бундан ташқари, дарвозабон Санжар Қувватов икки йиллик танаффусдан сўнг “Пахтакор”га қайтди. У билан бир йиллик шартнома имзоланди. Қувватов 2019–2023 йилларда “шерлар” сафида 106 та ўйинда майдонга тушиб, жамоа билан 5 марта Ўзбекистон чемпиони, 2 мартадан Ўзбекистон Кубоги ва Суперкубоги, шунингдек, бир бор Лига Кубогини қўлга киритган.
Маълумот учун, якунланган мавсум “Пахтакор” 60 очко билан Ўзбекистон Суперлигаси кумуш медалини қўлга киритди. Шунингдек, жамоа Ўзбекистон Кубоги соҳибига ҳам айланди. Жамоа келаси мавсум Осиё Чемпионлар Лигаси 2 турнирида иштирок этади.








