Венесуэла президенти Николас Мадуро россиялик ҳамкасби Владимир Путинга мурожаат қилиб, зудлик билан ҳарбий ёрдам сўради. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.
Ушбу чақириқ АҚШ Венесуэлага таҳдид солаётган бир пайтда янграмоқда. Нашрнинг хабар қилишича, Венесуэла Россиядан мудофаа радарларини янгилаш, ҳарбий самолётларни таъмирлаш ва ҳатто ракеталар таъминотини сўраган.
Бундан ташқари, Каракас Хитой ва Эрон билан ҳам ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш устида ишламоқда ва мазкур давлатлардан ҳам қўллов сўраган. Мадуро Хитой раҳбари Си Цзиньпинга йўллаган мактубида икки мамлакат ўртасида кенгайтирилган ҳарбий ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилган. У Хитой компанияларини радар тизимлари ишлаб чиқаришни тезлаштиришга чақирган.
Венесуэла транспорт вазири Рамон Веласкес эса яқинда Эрондан дронлар ва бошқа ҳарбий ускуналар юборилишини маълум қилган. У Эрон расмийларига пассив аниқлаш тизимлари, GPS сигналини тўсувчи қурилмалар ва 1 минг километр масофагача учувчи дронлар кераклигини билдирган. Айни пайтда, Хитой ва Эроннинг бу сўровларга қандай жавоб бергани номаълум.
Россия Мадуро ҳукуматининг асосий таянчи бўлиб қолмоқда. Русларнинг Ил-76 самолёти 26 октябрь куни Ғарб ҳаво ҳудудини айланиб ўтган ҳолда Каракасга етиб келган. Бу самолёт 2023-йилда АҚШ томонидан қурол савдоси ва ёлланма аскар ташишда қатнашгани учун санкцияга учраган эди. Россия ҳукумати бу масала юзасидан изоҳ бермаган. Аммо Москва бир кун аввал Каракас билан янги стратегик ҳамкорлик битимини тасдиқлаган эди.
Мутахассисларнинг айтишича, Россия Украинадаги уруш билан банд бўлса-да, Лотин Америкасидаги алоқаларни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
“Биз ҳарбий флотнинг 10 фоизини Кариб денгизига юборганимиз Путиннинг фойдасигадир. Бу АҚШ эътиборини Украинадан бир оз чалғитади — бу эса Россия учун қулай фурсат”, деган АҚШнинг Венесуэладаги собиқ элчиси Жеймс Стори вазиятга изоҳ бериб.
Россия ва Венесуэла ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик 1999-йилда Хюго Чавес ҳокимиятга келганидан бери давом этади. Ҳозирда бу муносабатлар нефть-кимё, қурол савдоси, ахборот сиёсати ва криптовалюта соҳаларини ҳам ўз ичига олади.








