Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги фуқароларга ўта зарурат бўлмаса, Венесуэлага саёҳат қилишдан тийилишни, туроператорларга эса вазият барқарорлашгунга қадар саёҳат пакети сотувини тўхтатишни тавсия қилди. Бу ҳақда “РБК” хабар берди.
Вазирлик ушбу қарорини АҚШнинг Венесуэлага қарши ҳарбий операцияси ва янги ҳужумлар уюштирилиши ҳақидаги таҳдидлар билан изоҳлади. Аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам сайёҳларга худди шундай мурожаат билан чиққан эди.
“Россия туроператорлари ва сайёҳлик агентликларидан Венесуэла Боливар Республикасига туристик ҳамда айрим хизматларни тарғиб қилиш ва сотишни вазият нормаллашгунига қадар тўхтатиб туриш талаб қилинади”, дейилади Иқтисодий ривожланиш вазирлиги баёнотида.
Ҳозирда Венесуэлада бўлиб турган россиялик сайёҳларга ўта эҳтиёткор бўлиш, маҳаллий ҳокимият ҳамда Россия дипломатик ваколатхоналарининг хабарларини кузатиб бориш ва уларнинг кўрсатмаларига амал қилиш маслаҳат берилди.
Авиапарвозлар ҳолати
Россия самолёти 5 январь куни АҚШ ҳужумидан кейин илк бор Венесуэлага йўл олди. Рейс Conviasa авиакомпанияси томонидан амалга оширилди. Россия ташувчилари 2025 йил декабрь ойида сайёҳлар оқими сезиларли даражада камайгани сабабли Каракасга парвозларни тўхтатган эди.
“Мутлақ қатъият” операцияси
АҚШ 3 январга ўтар кечаси Венесуэлага қарши кенг кўламли ҳаво ҳужумини бошлади. “Мутлақ қатъият” (Absolute Resolve) деб номланган операция 2 соат-у 20 дақиқа давом этди. Ҳарбий ҳаракатлар давомида президент Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флорес қўлга олиниб, мамлакатдан олиб чиқиб кетилди. Америка ҳукумати уларни “наркотерроризм”, наркотик моддалар контрабандаси ва ноқонуний қурол сақлашда айбламоқда. Венесуэла президенти бугун, 5 январь куни Нью Йорк шаҳар судида суд қилиниши кутилмоқда.
Россия ва дунё ҳамжамиятининг муносабати
Венесуэла расмийлари АҚШ ҳаракатларини ҳарбий агрессия деб атади ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Вашингтоннинг бу қадамини кескин қоралади. Москва Каракас ўз тақдирини ташқи аралашувларсиз белгилаш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидламоқда.
Маълумот ўрнида, Россия ва Венесуэла узоқ йиллардан бери энергетика, ҳарбий соҳа ва юқори даражадаги сиёсий алоқаларни ўз ичига олган яқин ҳамкорликни сақлаб келмоқда. Москва йиллар давомида Каракасни дипломатик жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, савдо ва инвестиция алоқаларини чуқурлаштиришга интилиб келади.








