Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўзи ва ҳамкасбларининг жисмоний ҳолатига баҳо бериб, Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам залда шуғулланишини айтди. Бу ҳақда у Turkistan газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Яқинда президент Трамп ўз саломатлиги ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Бу борада сиз ёпиқ одамсиз. Шу билан бирга, соғлиғингиз ҳақида турли хил гаплар бор, баъзилар вазн йўқотганингизни, яхшироқ кўринишингизни таъкидлайди, бошқалари эса бунинг аксини айтади. Шу ўринда фикр билдира оласизми?, дея журналист Қозоғистон президентига юзланган.
“Соғлиғимдан шикоят қилмайман: қон босими барқарор, меъёрда. Медитациясиз кундалик йога машғулотлари билан шуғулланишга одатландим. Ҳафтада бир неча марта собиқ профессионал ўйинчи билан стол тенниси ўйнайман. Дарҳақиқат, 9 килограмм вазн йўқотдим, бу ўзимни анча яхши ҳис қилишимга ёрдам берди”, деди Тўқаев.
Журналист, шунингдек, Қозоғистон президентининг ҳамкасблари орасида яна кимлар худди шундай жисмоний фаоллиги жиҳатдан ажралиб туриши билан қизиқди.
“Путин яқинда Бишкекда бўлиб ўтган норасмий тадбирда ёш дзюдочига қарши усул қўллаб, катта авлод шарафини ҳимоя қилди. Алиев (Озарбайжон президенти) ҳам жисмонан бақувват, у доимий равишда машқ қилади, Жапаров (Қирғизистон раҳбари) футбол ўйнайди. Мирзиёев яхши спорт формасида, у ҳам залда шуғулланади. Пашинян (Арманистон бош вазири) — велосипедчи. Лукашенко (Беларусь раҳбари) ҳанузгача хоккей ўйнайди. Раҳмон (Тожикистон президенти) ҳам соғлиғидан шикоят қилмайди. Шундай экан, барча ҳамкасблар ажойиб формада”, деди Тўқаев.








