Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатдаги банклардан бири орқали “қўшни давлатга” қарийб 14 миллиард доллар чиқариб юборилганини айтди. У бу ҳақда молиявий жиноятларга қарши курашга бағишланган йиғилишда гапирди.
Тўқаев Россияга шама қилган ҳолда молиявий ташкилот “қўшни давлатдан” келган 7 триллион тенгени (деярли 14 миллиард доллар) айлантирганини таъкидлади.
Ушбу баёнот 2025-йилнинг сентябрь ойида Қозоғистонда банк карталарини масофадан расмийлаштираётган россияликларга нисбатан молиявий назоратнинг кучайтирилиши фонида янгради. Уларнинг баъзиларига Қозоғистонда олиб борилаётган тергов ишлари ҳақида хабар берилган.“Қонун, иқтисодиёт ва ҳатто сиёсат нуқтаи назаридан бу, менинг фикримча, ғазабланарли факт. Афсуски, молиявий схемалар билан боғлиқ бундай фирибгарлик ҳолатлари ҳали-ҳануз кўп”, деб таъкидлади президент.
ОАВ маълумотларига кўра, жиноятларда Россия фуқароларига шахсий идентификация рақамларини (ИИН) олиш ва банк ҳисобварақларини очишда ёрдам берган воситачилар аралашган бўлиши мумкин.
Қозоғистон Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлигига кўра, 2024-йилда жиноий даромадларни легаллаштиришда фойдаланилган карта эгаларининг 90 фоизидан ортиғи норезидентлар бўлган. Йил давомида 24 миллиард тенге (47 миллион доллар) миқдоридаги 6,2 мингта “дроп-карта”лардан фойдаланиш ҳолатлари қайд этилган. Россияга қарши санксиялар киритилгандан сўнг, руслар томонидан Қозоғистон банклари карталарини оммавий тарзда масофадан расмийлаштириш бошланган.
Қозоғистон ҳукумати бу схемаларни аста-секин ёпиб бормоқда. 2024-йилдан бошлаб ИИНни масофадан бериш тақиқланди, илгари берилган рақамларнинг бир қисми бекор қилинди, норезидентларга банк хизматлари кўрсатиш сезиларли даражада қатъийлаштирилди. 2025-йилда доимий яшаш рухсатномасига эга бўлмаган барча чет элликлар ҳисобварақларга кириш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун ҳар ойда идентификациядан ўтишларини талаб этиш таклиф қилинган.
Шунингдек, банклар мижозларнинг мамлакатда қонуний бўлишини, даромад манбасини ва маблағлардан фойдаланиш мақсадини текшириши шарт бўлади. Воситачилар орқали ҳисобварақларни масофадан очиш тақиқланади, мажбурий биометрик идентификациялаш ва карталар сонига чеклов жорий этилади. Бир киши 12 ойгача биттадан ортиқ бўлмаган картага эгалик қилиши мумкин.
1000 доллардан ортиқ пул ўтказмалари, шунингдек, расмий даромадга эга бўлмаган 25 ёшгача бўлган мижозларнинг ҳисобварақлари алоҳида назорат остига олинади. Тўқаев Қозоғистон криптовалюталар орқали ноқонуний капитал чиқариш бўйича етакчи давлатлар қаторига киришини ва бунга қарши кураш олиб борилаётганини айтди. Ҳозиргача мамлакатда умумий айланмаси 62 миллиард тенгедан (қарийб 124 миллион доллар) ошган 130 дан ортиқ ноқонуний криптоалмашув шохобчалари ёпилган.








