Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз нутқида Россияни “Худо берган қўшни” деб атади. Бу ҳақда сиёсатчи президент Владимир Путин томонидан Кремльда ўтказилган давлат қабулида маълум қилди.
Оғир йилларда ёнма-ён туриб, бир-биримизни қўллаб-қувватладик. Биргаликда синовларни енгиб ўтдик, биргаликда буюк Ғалабага эришдик — бу ғалабани бугун ҳам қалбимизда асраб-авайлаб сақлаб келмоқдамиз. Кўп асрлик донишмандлик қозоқларнинг “Құдай қосқан көрші”, яъни “Худо берган қўшни” деган ҳикматини сақлаб келмоқда. Россия Қозоғистон учун ана шундай қўшнидир”, деди Қозоғистон раҳбари.
Россия президенти Владимир Путин эса Қозоғистонни “меҳрибон қўшни” деб атади.
“Россия учун Қозоғистон — биз дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида кўп қиррали ва тенг ҳуқуқли муносабатлар ўрнатаётган иттифоқчи, стратегик ҳамкор ва меҳрибон қўшнидир”, деди Россия раҳбари.
Тўқаев ҳозирда Қозоғистон ва Россия самарали ҳамкорлик қилмаган соҳалар деярли қолмаганини айтди.
“Қозоғистон—Россия муносабатларининг салоҳияти катта, биргаликдаги ишларнинг охири ва чеки йўқ. Бугунги кунда мамлакатларимиз самарали ҳамкорлик қилмаган соҳалар деярли қолмади. Қозоғистон ва Россия ўртасида ҳал қилиб бўлмайдиган масала йўқ, бу томонларнинг юксак масъулияти ва биргаликда ишлашга самимий тайёрлигининг яққол намунасидир”, дейди Тўқаев.
11 ноябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат ташрифи билан Россияга борди. Унинг самолётига ҳавода Россия Мудофаа вазирлигининг “Су-35” жанговар самолётлари ҳамроҳлик қилди. Самолётлар Қозоғистон чегарасидан то Москвага қўнишгача борт атрофида парвоз қилган.
12 ноябрь куни Тўқаев Кремльда Путин билан учрашди, шундан сўнг президентлар норасмий мулоқот қилди. Россия президенти Қозоғистон раҳбарини чой ичишга таклиф қилган. Бугун Тўқаев Россия федерацияси кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашув ўтказди.








