“Страсбург” устози Лиам Росеньор “Челси”нинг янги бош мураббийига айланиши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Фабрицио Романо ўзининг X (собиқ Twitter) тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Манбага кўра, Лондон клуби раҳбарияти мутахассиснинг ишини юқори баҳоламоқда. Айни вақтда 41 ёшли мутахассис “Челси” “шорт-листи”дан жой олган мураббийлар орасида асосий даъвогар бўлиб турибди. Шу боис “Страсбург” клуби музокаралар бошланиши фонида Росеньорнинг ўрнига номзодлар устида ишлай бошлаган.
Лиам Росеньор бошчилигида “Страсбург” Франция чемпионатининг 16-туридан сўнг 23 очко билан турнир жадвалида 8-ўринни эгаллаб турибди. Жамоа етакчи “Ланс”дан 14 очкога ортда қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 январь куни ёмон натижалар ортидан “Челси” бош мураббий Энцо Мареска билан шартномани бекор қилганди. Аввалроқ “Барселона” собиқ мураббийи Хави Эрнандес лондонликлар устозига айланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.
Маълумот учун, айни пайтда “Челси” Англия Премьер Лигаси турнир жадвалида 30 очко билан 5-ўринни эгаллаб турибди. Лондонликлар охирги 5 та учрашувда атиги 1 ғалабани қўлга киритди (1 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият).








