“Манчестер Сити” Энцо Марескани клубнинг янги бош мураббийи этиб тайинлашга яқин турибди. Томонлар тез орада уч йиллик шартнома имзолайди. Бу ҳақда таниқли инсайдер ва журналист Жанлука Ди Марцио ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали хабар берган.
Яқин соатлар ичида мутахассис Манчестерга етиб бориб, клуб билан расмий шартнома имзолаши кутилмоқда. Хабарларга кўра, “Манчестер Сити” ҳамда “Челси” ўртасидаги зиддиятли ҳолат ўзаро келишув орқали ижобий ҳал этилган ва “шаҳарликлар” Лондон клубига 20 миллион евро миқдорида товон пули тўлаб берадиган бўлди.
Аввалроқ, “Челси” раҳбарияти Марескани шартнома шартларини бузганликда айблаётгани маълум бўлганди. Бунга сабаб сифатида мутахассиснинг лондонликлар устози бўлиб турган вақтидаёқ рақобатчи клублар билан яширинча музокаралар олиб боргани кўрсатилган. “Челси” вакилларининг таъкидлашича, мутахассиснинг бу ҳаракатлари ва якунда жамоани тарк этиши мавсумга салбий таъсир кўрсатган. Натижада жамоа Премьер Лигада 10-ўринни банд этиб, еврокубокларга йўлланма берувчи поғоналардан қуруқ қолган эди.
Маълумот ўрнида, италиялик мутахассис 2024-йилнинг июнь ойидан 2026-йилнинг январига қадар “Челси” бош мураббийи сифатида фаолият юритган.








