Daryo

Доналд Трамп нега Ўзбекистон ва Қозоғистонни G20 саммитига таклиф қилди?

АҚШ президенти Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчиларини келгуси йил бўлиб ўтадиган G20 саммитига меҳмон сифатида таклиф қилди. Хўш, Вашингтон бу қадам орқали нимага ишора қилмоқда? АҚШнинг ушбу ташаббуси ортида қандай стратегик ҳисоб-китоблар ётибди? Марказий Осиёнинг янги геосиёсий позицияси — “Дарё” таҳлилида.

6 дақиқа ўқиш19 372 кўришлар0 изоҳ30

Сўнгги кунларда Марказий Осиё дипломатияси юқори даражада фаоллашди. 19–20 декабрь кунлари минтақа давлатлари раҳбарлари аввал Японияда, ундан сўнг Россияда юқори даражадаги учрашувлар ўтказди. Орадан кўп вақт ўтмай, яна бир муҳим сигнал янгради: АҚШ президенти Доналд Трамп Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилиб, уларни келгуси йил Қўшма Штатларда бўлиб ўтадиган G20 саммитига меҳмон сифатида таклиф этди.

Бу кетма-кетлик тасодиф эмас. Минтақа атрофида глобал кучлар ўртасидаги сиёсий ҳаракатлар жадаллашмоқда, Марказий Осиё эса тобора кўпроқ эътибор марказига чиқмоқда. Хўш, Вашингтон бу қадам орқали нимага ишора қилмоқда? АҚШнинг ушбу ташаббуси ортида қандай стратегик ҳисоб-китоблар ётибди? “Дарё” ана шу саволларга жавоб топиш учун мутахассислар фикрини жамлаб, Марказий Осиёнинг янги геосиёсий позицияси ҳақида таҳлилий мақола тайёрлади.

Япониядан стратегик юриш

20 декабрь куни Токиода Марказий Осиё ва Япония раҳбарларининг илк тарихий саммити бўлиб ўтди. Саммит давомида келажакдаги ҳамкорлик учун улкан йўл харитаси бўлган Токио декларацияси қабул қилинди. Унда Япония ва Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ўртасидаги муносабатларни чуқур ва кўп қиррали стратегик шерикликка айлантиришга қаратилган.

Япония кейинги беш йил ичида Марказий Осиё бўйлаб бизнес лойиҳаларига тахминан 20 миллиард доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, Япония минтақа давлатларидан фақат хомашё қазиб олиш билан чекланмай, ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, технологиялар трансфери ва саноат қайта ишлашни ривожлантиришга урғу бермоқда.

Сtrategic Focus: Central Asia таҳлил марказининг ёзишича, Япония стратегиясининг ажралиб турадиган жиҳати — геосиёсий босимдан воз кечишдир. Япония ҳарбий иттифоқлар таклиф қилмайди ва сиёсий шартлар қўймайди, аксинча инвестициялар, технологиялар, инсон капиталини ривожлантириш ва бошқарув стандартларини ошириш орқали ишлайди. Мазкур ёндашув уни Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун қулай ва мақбул ҳамкорга айлантиради.

Халқаро таҳлил ва стратегик консалт маркази — Nightingale Intelligense томонидан эълон қилинган мақолада расмий Пекин Япониянинг Марказий Осиё билан фаоллигини АҚШ стратегиясининг давоми сифатида, Хитойнинг “орқа ҳовлисида таъсир коалицияси”ни яратишга қаратилган деб талқин этилиши тахмин қилинган.

Мақолада таъкидланишича, Пекин бу жараённи АҚШ, Европа Иттифоқи ва Япония томонидан минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали Хитойга қарши ҳарбий бўлмаган, аммо мувофиқлаштирилган иқтисодий ва технологик босим иттифоқи қурилаётгани сифатида қабул қилмоқда.

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Хавотирдаги Россия

Токиода “Марказий Осиё+Япония” саммити якунланганидан сўнг, минтақа давлатлари раҳбарлари Санкт-Петербург шаҳрига йўл олди. Владимир Путин ташаббуси билан 21–22 декабрь кунлари у ерда МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви ҳамда Олий Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Токио саммити Марказий Осиё мамлакатлари эндиликда кимнингдир периферияси эмас, балки фаол геоиқтисодий рақобат майдонига айланганини яққол кўрсатди. Жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия ва Хитой минтақа давлатлари билан фаол иқтисодий ва институционал алоқаларни йўлга қўймоқда.

Табиийки, бундай вазиятда Марказий Осиёни эски дўсти сифатида кўриб келган Москва ўз позициясини мустаҳкамлашга интилади. Хусусан, Россия Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарининг мунтазам ўтказиладиган маслаҳат учрашувига қўшилишни кўзлаётгани ҳақида хабарлар янграмоқда.

Сtrategic Focus: Central Asia ёзишича, минтақа мамлакатлари учун вазият мураккаблашмоқда. Бир томондан, формат аллақачон минтақага кирмайдиган мамлакат — Озарбайжон ҳисобига кенгайтирилган бўлиб, бу Москвага расмий рад жавоби беришни обектив равишда қийинлаштиради. Иккинчи томондан эса Россия миқёс, сиёсий вазн ва тарихий контекст жиҳатидан Озарбайжондан тубдан фарқ қилади. Шундан келиб чиқиб, асосий савол туғилади: Путинга формат мантиғини бузмасдан қандай қилиб рад жавоби бериш мумкин ва бу умуман жиддий оқибатларсиз амалга ошадими?

“Кремл учун бу масала дипломатик эмас, балки экзистенсиал геосиёсий характерга эга. Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда таъсирнинг йўқолиши, муҳим транзит ва энергетика жараёнларидан сиқиб чиқарилиш, Россияни четлаб ўтувчи Ўрта коридорнинг ривожланиши – буларнинг барчаси Москвада стратегик заифлашувнинг ягона ссенарийси сифатида қабул қилинмоқда. Шу мантиқда Маслаҳат учрашувларида иштирок этмаслик Марказий Осиё учун курашда мағлубиятни тан олиш билан баробар.

Ушбу жараёнларнинг Украинадаги уруш билан боғлиқлиги тизимли характерга эга. Гап ҳарбий натижа ҳақида эмас, балки геосиёсий оқибат ҳақида кетмоқда. Ҳатто ҳудудий позициялар сақланиб қолган тақдирда ҳам, агар Россия янги минтақавий форматлар ва логистика йўлакларидан четлатилса, у Евросиё марказий кучи мақомини йўқотиш хавфи остида қолади. Айнан шу ссенарий Кремл томонидан стратегик мағлубият сифатида баҳоланмоқда ва шу сабабли Марказий Осиё етакчиларига босим кучайиб боради”, дейилади мақолада.

Фото: све.рф
Россия президенти Владимир Путин

Вашингтон сигнали: G20 орқали Марказий Осиёни кўтариш

Айнан шу фонда Вашингтондан келган сигнал алоҳида эътибор талаб қилади. Куни кеча АҚШ президенти Доналд Трамп Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, уларни келгуси йил Қўшма Штатларда бўлиб ўтадиган G20 саммитига меҳмон сифатида таклиф қилди. Бир қарашда бу дипломатик протокол доирасидаги оддий қадамдек туюлиши мумкин. Аммо геосиёсий контекстда бу қарор анча чуқур маънога эга.

Гап шундаки, Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам G20 аъзолари эмас. Уларнинг айнан АҚШ ташаббуси билан ушбу майдонга олиб чиқилиши Вашингтон Марказий Осиёни энди минтақавий эмас, балки глобал сиёсий субект сифатида кўра бошлаганини англатади. Бу — рамзий ишора эмас, балки сиёсий даражани кўтариш орқали минтақани янги геоиқтисодий ва геосиёсий конфигурацияга жойлаштиришга уринишдир.

Бу таклиф, аввало, C5+1 форматининг реал мазмун билан тўлдирилаётганини кўрсатади. Аввал Марказий Осиё билан институционал алоқа йўлга қўйилди, кейин етакчилар билан бевосита мулоқотлар кучайтирилди, энди эса натижа энг юқори халқаро платформа — G20 орқали мустаҳкамланмоқда. Шу жиҳатдан, Марказий Осиё етакчиларининг аввалроқ Вашингтонга амалга оширган ташрифлари дипломатик расмиятчилик эмас, балки тайёргарлик босқичи бўлиб чиқмоқда.

“Бу вақтинчалик очилган стратегик имкониятлар ойнаси бўлиб, ундан ким қандай фойдалана олиши кейинги сиёсий ва иқтисодий қарорлар билан белгиланади. Вашингтон очиқчасига айтмоқда: ҳамкорликнинг чуқурлиги аниқ таклифларга — инфратузилма лойиҳалари, савдо режимлари ва инвестиция шароитларига боғлиқ бўлади. Шу маънода Қозоғистон ва Ўзбекистон АҚШ билан мулоқотни “илтимос қилувчи томон” сифатида эмас, балки фойдали ва прагматик ҳамкор сифатида қуриш имконига эга бўлмоқда”, деб ёзди Сtrategic Focus: Central Asia

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Қозоғистонни танлаш сабабларини журналист Ҳраир Тамразиан шундай изоҳлайди:

“Нега айнан Қозоғистон ва Ўзбекистон? Чунки улар Марказий Осиёнинг таянч устунлари: иқтисодиёт, транзит йўлаклари, табиий ресурслар ва сиёсий барқарорлик бўйича ҳал қилувчи давлатлар. Энг муҳими, бу мамлакатлар Россия, Хитой, Ғарб ва минтақавий ҳамкорлар ўртасида мувозанатни сақлашга интилаётган, кўп векторли ва прагматик сиёсат юритмоқда.

Трампнинг глобал можаролар контекстида тинчлик ҳақида гапираётгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Бу тасодифий риторика эмас. АҚШ Украинадан тортиб Жанубий Кавказгача чўзилган кенг Евросиё архитектурасини қайта шакллантиришга уринмоқда. Ва бу янги тизимда Марказий Осиёни энди чекка ҳудуд эмас — балки муҳим бўғинга айлантирмоқда”.

Трампнинг чақириғи – Россия ва Хитой учун сезиларли даражада хавфли сигнал. Чунки Украина уруши ортидан Москванинг посцовет ҳудудидаги таъсир монополияси емирила бошлади. Пекин ўз иқтисодий орбитасининг ажралмас қисми деб билган минтақада эндиликда кучли ва тизимли рақобатчи (АҚШ, Япония ва Туркия)лар пайдо бўлмоқда. Шу тариқа, Марказий Осиё энди нафақат транзит ҳудуд ёки ресурс манбаи эмас, балки халқаро мувозанатнинг фаол ва мустаҳкам иштирокчисига айланмоқда

Сардор Али тайёрлади.

Туғилган жой: Тошкент тумани Таълим: Чирчиқ давлат педагогика университети “Дарё”даги фаолиятим: 2024 йил октябрь ойидан буён “Дарё”да мухбир лавозимида ишлайман. Асосан таҳлилий мақолалар тайёрлаш ва интервьюлар ўтказиш билан шуғулланаман. Севимли фильмларим: Форрест Гамп, Узуклар ҳукмдори, Анна, Шовшенкдан қочиш Севимли китобларим: Ўткир кунлар, Анна Каренина, Тирилиш, Буюк шахмат тахтаси, Граф Монта Кристо.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар