Daryo

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 171 млн долларлик битимлар имзоланди

Бугунги кунда икки мамлакат иштирокида умумий қиймати 1,8 млрд долларлик 80 та саноат лойиҳаси амалга оширилаётгани, уларнинг бир қисми ишга туширилгани, яна 1,5 млрд долларлик 59 та янги инвестиция ташаббуси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.

2 дақиқа ўқиш3 828 кўришлар0 изоҳ3

Қозоғистоннинг Оқтов шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши якунида икки мамлакат ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги қатор меморандумлар ҳамда умумий қиймати 80 миллиард тенгеден (қарийб 171 миллион доллар) ортиқ бўлган тижорат ҳужжатлари имзоланди.

Йиғилишда Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов ва Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат делегациялари, шунингдек икки мамлакатнинг чегарадош вилоятлари раҳбарлари ва 300 дан ортиқ тадбиркор иштирок этган.

Тадбирда саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, савдо ҳамда инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Қозоғистон ҳукуматига кўра, янги келишувлар ҳудудлар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқаларни мустаҳкамлаб, қўшма лойиҳаларни жадаллаштиришга хизмат қилади.

Фото: гов.кз

Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов бугунги кунда икки мамлакат иштирокида умумий қиймати 1,8 миллиард долларлик 80 та саноат лойиҳаси амалга оширилаётганини, уларнинг бир қисми ишга туширилганини, яна 1,5 миллиард долларлик 59 та янги инвестиция ташаббуси ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.

Унинг таъкидлашича, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан тўғри ҳамкорлик савдо ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

“Ишонаманки, Кенгаш фаолияти давлат раҳбарлари белгилаб берган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш мақсадига муносиб ҳисса қўшади”, деди Бектенов.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов эса Қозоғистон Ўзбекистон учун нафақат яқин қўшни, балки ишончли стратегик шерик ва иттифоқчи эканини таъкидлаган.

“Ҳудудлараро шериклик ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шунинг учун ҳам давлат раҳбарларимиз Ҳудудлар раҳбарлари кенгашини ташкил этишга қарор қилди. Ишончим комилки, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан тўғри мулоқотлар ўзбек-қозоқ муносабатларини янада мустаҳкамлашга кучли туртки беради”, деди Арипов.

Томонлар транспорт йўлакларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратган Хусусан, Транскаспий халқаро транспорт йўлаги, “Шимол — Жануб” ва Трансафғон йўналишлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш масаласи муҳокама қилинди. Ўтган йили Оқтов ва Қуриқ денгиз портлари орқали 8 миллион тонна юк ташилган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярмида контейнер ташувлари 5 фоизга ошиб, 50 минг ТЕУдан ошди.

Қозоғистоннинг Мангистау, Оқтўбе, Қизилўрда ва Туркистон вилоятлари Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари билан чегарадош. Икки давлат ўртасидаги умумий чегара узунлиги қарийб 2,3 минг километрни ташкил этади.

Andijondanman. Oʻzbekiston Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universiteti hamda Xalqaro Nordik universitetini (magistr) tamomlaganman. “Daryo”da 2019-yildan beri muxbir boʻlib ishlayman va maxsus materiallar, tenderlar, sud hukmlari, tarjimalar bilan shugʻullanaman. 2025-yilda “Oltin qalam” milliy mukofotini olganman. Tarixiy film va seriallarni koʻrishni xush koʻraman. Eng sevimli asarim Togʻay Murodning “Otamdan qolgan dalalar” kitobidir.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар