АҚШ президенти Дональд Трамп Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевга бир нечта совғалар юборди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти ёрдамчиси ва матбуот котиби Руслан Желдибай маълум қилди.
Маълум қилинишича, декабрь ойида Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси Мағжан Ильясов АҚШ президентига ишонч ёрлиқларини топширган. Тадбир чоғида Трамп ноябрь ойида Қосим-Жўмарт Тўқаев билан бўлиб ўтган учрашув ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашган. У Қозоғистон президентига шахсий тилакларини билдирган ҳамда уни “халқаро жараёнларни чуқур ва вазмин тушунадиган тажрибали давлат арбоби” сифатида таърифлаган.
Шу муносабат билан Трамп Қосим-Жўмарт Тўқаевга бир нечта совғалар, жумладан, Оқ уйнинг рамзий калити ва ўз имзоси туширилган бейсбол кепкасини юборган.
Маълумот ўрнида, 6 ноябрь куни Қозоғистон президенти Вашингтонга ташриф буюрди. Ташриф дастури АҚШ давлат котиби Марк Рубио, савдо вазири Говард Латник ҳамда АҚШ президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор билан учрашувлардан бошланган.
Қозоғистон ва АҚШ ўртасида муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланган. Тўқаев ва Трамп ўртасида ҳам музокаралар ўтказилиб, ташриф доирасида умумий қиймати 17 миллиард доллардан ортиқ тижорат шартномалари имзоланган.








