Daryo

Россия Украинага ёппасига ҳужум қилди. Қурбонлар бор

Зеленский бу сафарги зарбаларда 650 та дрон ва 30 та ракета қўлланганини маълум қилди. Қурбонлар орасида тўрт ёшли бола ҳам бор.

1 дақиқа ўқиш19 334 кўришлар0 изоҳ9

Россия қуролли кучлари 23 декабрга ўтар кечаси Украина бўйлаб 650 дан ортиқ дрон ва 30 та ракета ёрдамида ёппасига ҳужум уюштирди. Бу ҳақда мамлакат президенти Владимир Зеленский ўзининг Telegram саҳифасида маълум қилди.

Таъкидланишича, руслар жами 13 та вилоятга ҳужум уюштирган, оқибатда камида уч киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида Житомир вилоятида вафот этган тўрт ёшли бола ҳам бор.

“Путин ҳали ҳам одамларни ўлдиришни тўхтатиш кераклигини қабул қила олмаяпти. Бу эса дунё Россияга етарлича босим ўтказмаётганини англатади”, деди Зеленский.

Украина президенти 22 декабрь куни Россия айнан Рождество кунларида — 23, 24 ва 25 декабрь саналарида мамлакатга йирик зарбалар бериши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Ушбу ҳужум Киевда бир неча ҳафталик нисбатан осойишталикни бузди.

Энергетика тизимидаги оғир вазият

Ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 0 даражани қайд этаётган бир пайтда, “Укренерго” оператори бир қанча ҳудудларда фавқулодда электр узилишлари қайд этилганини маълум қилмоқда.

“Россиянинг асосий мақсади мамлакатдаги муҳим инфратузилма объектларидир. Кўп жойларда чироқ кунига ўртача фақат 6 соат берилмоқда. Одесса вилояти ушбу ҳужумдан сўнг бир неча кунлаб электрсиз қолиши мумкин”, деди Украина парламенти Ташқи сиёсат қўмитаси раиси Александр Мережко.

Мережко бу каби йирик ҳужумларни Путиннинг тинчлик музокараларига тайёр эмаслиги ҳақидаги аниқ сигнал деб баҳолади.

“Бу ҳужумлар Путиннинг ўт очишни тўхтатиш ва аниқ натижали музокаралар ўтказиш нияти йўқлигидан далолат беради”, дея қўшимча қилди депутат.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар