Daryo

Россия март ойида рекорд даражада дронлар учирди

Ракета зарбалари сони эса камайгани қайд этилди. Ҳаво мудофаа тизимлари уларнинг қарийб 90 фоизини уриб туширди.

2 дақиқа ўқиш5 199 кўришлар0 изоҳ3

Россия 2022 йил февралида бошлаган кенг кўламли босқиндан бери март ойида Украинага энг кўп миқдорда дрон учирди. Тинчлик музокаралари тўхтаб қолган бир пайтда, ҳалокатли зарбалар янада шиддатли тус олди. Бу ҳақда 2 апрель куни эълон қилинган AFP таҳлилига таяниб Euronews хабар берди.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучларининг кундалик ҳисоботларига таянган ҳолда ўтказилган таҳлилга кўра, март ойида Россия Украина ҳудудига камида 6 462 та узоқ масофага учувчи дрон учирган. Бу февраль ойига нисбатан қарийб 28 фоизга кўп демакдир.

Шу билан бирга, ракета зарбалари сони камайган: ўтган ойда 138 та ракета учирилган бўлиб, бу февралдагига нисбатан 52 фоизга камдир. Украина ҳаво мудофаа тизимлари уларнинг қарийб 90 фоизини уриб туширган. Бу 2025 йил февраль ойидан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Маълумотларга кўра, 24 март куни амалга оширилган камдан кам учрайдиган кундузги ҳужум оқибатида Украинанинг ғарбий қисмидаги, ЮНЕСКО ҳимоясидаги Лвов шаҳрига зарар етган.

Россия ва Украина ўртасидаги урушни тўхтатишга қаратилган АҚШ бошчилигидаги музокаралар март ойида тўхтаб қолди. Бунга Вашингтон асосий эътиборини Эрон билан бўлаётган урушга қаратгани сабаб бўлди.

Россия дрон ишлаб чиқаришни саноат миқёсига кўтарган бир пайтда, Украина бунга жавобан арзон тутиб олувчи дронларни (interseptor) кенг қўллаш орқали ўз ҳаво мудофаасини кучайтирмоқда.

Украина ва араб давлатлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Иорданияга амалга оширган сафари якунлари бўйича муҳим келишувларга эришилди. Украина Форс кўрфази давлатларига Эрон дронлари ҳужумига қарши туриш учун ўзининг тўлиқ ҳаво мудофаа тизимини, жумладан, денгиз дронлари, электрон ҳарбий воситалар ва тутиб олиш технологияларини етказиб беришга рози бўлди.

“Гап нафақат тутувчи қурилмалар, балки мудофаа линиялари, дастурий таъминот ва электрон кураш тизимлари ҳақида бормоқда. Биз бу масалага тизимли ёндашяпмиз”, деди Зеленский журналистлар билан мулоқотда.

Президент, шунингдек, Украина денгиз дронлари бўйича Саудия Арабистони, БАА ва Қатар билан келишувлар имзолаганини тасдиқлади.

Украинанинг денгиз дронлари флоти, хусусан, Magura-V5 аппаратлари Қора денгизда Россия ҳарбий кемалари ва объектларига оғир талафотлар етказишда ўзининг юқори самарадорлигини исботлади. Зеленский Украинанинг ушбу тажрибасини, айниқса, денгиз савдо йўлларини блокададан чиқариш борасидаги маҳоратини ҳамкорлар билан бўлишишга тайёрлигини билдирди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар