Исроил 2023 йил октябрь ойида Ғазо сектори ва босиб олинган Ғарбий Соҳилда уруш ҳаракатлари бошланганидан буён ярим миллиондан ортиқ фаластинлик ўз иш жойидан айрилди. Бу ҳақда Фаластин касаба уюшмалари федерацияси баёнотига таяниб, Daily Sabah хабар берди.
Баёнотда қайд этилишича, Исроил армиясининг мунтазам блокадалари, йўлларнинг ёпилиши ва ҳар кунги рейдлар фаластинликларни ишидан айрилишига сабаб бўлган. Бу сиёсат инсонларнинг муносиб яшаш ва меҳнат қилиш ҳуқуқини бутунлай чеклаб қўймоқда. Хусусан, сўнгги икки йиллик агрессия оқибатида:
- Ғарбий Соҳилда ишсизлик даражаси 50 фоиздан ошган;
- Ғазо секторида эса бу кўрсаткич 84 фоиздан кўпроқни ташкил қилмоқда.
9 миллиард долларлик зарар
Фаластинлик ишчиларнинг ўз иш жойларига бора олмаслиги оқибатида кўрилган молиявий зарар 9 миллиард доллардан ошиб кетган. Бунинг устига, маҳаллий ишлаб чиқариш тармоқлари, хусусан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари бутунлай вайрон бўлган. Бундан ташқари 2023 йил октябридан буён 44 нафар ишчи ўлдирилган, юзлаб ишчилар жароҳатланган ва 34 000 дан ортиқ фаластинлик Исроил армияси томонидан ҳибсга олинган.
Халқаро конвенцияларнинг бузилиши
Федерация Исроил ҳукуматини халқаро меҳнат конвенциялари ва Женева конвенцияларини очиқчасига бузишда айбламоқда. Ўнлаб ишчилар ҳарбий назорат пунктларида ёки оиласини боқиш учун ҳаракат қилаётган вақтида яҳудий кўчманчиларнинг ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган.
Уруш бошланганидан буён умумий йўқотишлар даҳшатли даражага етди. Жумладан, Ғазо секторида 70 700 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, 170 000 дан зиёд одам жароҳатланган. Босиб олинган Ғарбий Соҳилда эса Исроил армияси ва ноқонуний кўчманчилар ҳужумлари оқибатида камида 1097 киши ҳаётдан кўз юмган, 11 000 га яқин одам турли даражада жароҳат олган.








