АҚШда Миссисипи дарёси устидаги 94 йиллик Блэк Ҳок кўприги портлатиш орқали атайлаб бузиб туширилди. Бу ҳақда Тhе Gazette хабар берди.
Маълум қилинишича, кўприк 1931-йилда қуриб битказилган бўлиб, Айовa штатидаги Лансинг шаҳрини Висконсин штати билан боғлаб келган. Иншоот марказий ёйсимон қисми ва минорага ўхшаш иккита металл таянчли конструкцияси билан ажралиб турган.
Ушбу диққатга сазовор кўприк ўзига хос консол тузилиши — марказий арка ва баланд металл таянчлари билан машҳур бўлган. Бироқ торлиги сабаб у ерда тез-тез йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлган. Шунингдек, дарё релефи ва таянчлар жойлашуви туфайли айрим ҳолларда баржалар ҳам кўприкка урилиб кетган.








