Франциянинг “ПСЖ” клуби XXI асрда бир календарь йил ичида олти совринни қўлга киритган учинчи жамоа бўлди. Бу ҳақда Squawka нашри хабар берди.
Парижликлар 2025 йил давомида Франция Суперкубоги–2024, Франция чемпионати, Франция кубоги, Чемпионлар Лигаси, Европа Суперкубоги ҳамда Қитъалараро кубокни қўлга киритди. Бунгача XXI асрда бундай натижага фақат икки жамоа эришган эди.
2009-йилда “Барселона” Ла Лига, Испания кубоги, Испания Суперкубоги, Чемпионлар Лигаси, Европа Суперкубоги ва клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.
2020-йилда эса “Бавария” Бундеслига, Германия кубоги, Германия Суперкубоги, Чемпионлар Лигаси, Европа Суперкубоги ҳамда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ютиб, ушбу натижани такрорлаган.
Маълумот учун, 17 декабрь, чоршанба куни “ПСЖ” Қитъалараро кубок финалида Бразилиянинг “Фламенго” жамоаси билан баҳс олиб борди. Асосий вақт 1:1 ҳисобида якунланди, пенальтилар сериясида эса парижликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.








