Daryo

АҚШда ўзбекистонлик талабани ўлдиришда гумонланган шахс ўлик ҳолда топилди

Браун университетида юз берган отишма оқибатида ўзбекистонлик талаба МуҳаммадАзиз Умурзоқов ва яна бир киши ҳалок бўлганди. Гумонланувчи ўз жонига қасд қилгани айтилмоқда.

2 дақиқа ўқиш15 372 кўришлар0 изоҳ1

АҚШнинг Браун университетида содир бўлган отишмада икки киши, жумладан, ўзбекистонлик талаба МуҳаммадАзиз Умурзоқов ҳалок бўлганди. Отишма содир этишда гумонланган шахс ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда АҚШ прокурорининг Бостондаги вакили Кристина Стерлинг маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Браун университетида содир этилган оммавий отишмада гумон қилинган шахс вафот этган. Ҳозирда у Браун университетидаги ҳужумдан икки кун ўтиб Массачусетс технология институти (MIT) профессори ўлдирилган жиноятга ҳам алоқадорлиги эҳтимол текширилмоқда.

Гумонланувчининг жасади Нью-Хемпшир штатининг Салем шаҳрида, Бостон марказидан тахминан 30 километр шимолда жойлашган омборхонада топилган. 18 декабрга ўтар кечаси мазкур ҳудудга Браун университетидаги ҳодиса билан боғлиқ тергов доирасида кўплаб ҳуқуқ-тартибот ходимлари келган.

АҚШ Адлия вазирлиги вакилларидан бири, расмий изоҳ бериш ҳуқуқига эга бўлмагани сабабли аноним тарзда, гумонланувчи ўз жонига қасд қилганини айтди. Манбалар гумонланувчининг шахси ва нега терговчилар икки жиноят ўзаро боғлиқ бўлиши мумкин деб ҳисоблаётгани ҳақида қўшимча тафсилот бермади.

  • Браун университетидаги отишма

Отишма 13 декабрь куни Муҳандислик ва физика факультети жойлашган етти қаватли Барус + Holley биносида содир бўлганди. Қора кийимдаги номаълум шахс Провиденс шаҳридаги университетга имтиҳонлар пайтида ҳужум қилган. У икки кишини отиб ўлдирган, саккиз кишини яралаган.

Отишма оқибатида ҳалок бўлган МуҳаммадАзиз Умурзоқов
Фото: Hindustan Times

Терговчилар Браун университетидаги ҳужумда гумонланган шахс пиёда ҳолда яқин кўчаларга қочиб кетганини айтган. Шу сабабли қидирув ишлари асосан турар жойлардаги хавфсизлик камераларига таяниб олиб борилган. Чунки ўқув биноси ва унинг атрофида кузатув камералари етарли бўлмаган.

  • Массачусетс технология институти профессорининг ўлдирилиши

Институтнинг ядро физиги 47 ёшли профессор Нуно Лурейру Бруклайн шаҳридаги уйида отиб ўлдирилган. Ушбу ҳудуд Браун университети кампусидан тахминан 80 километр шимолда жойлашган. Аввалроқ Федерал қидирув бюроси вакили расмийлар Браун университетидаги отишма билан MIT профессори ўлдирилиши ўртасида боғлиқлик борлигига ишонмаётганини билдирганди. Нуно Лурейру MITнинг ядро фанлари ва муҳандислиги ҳамда физика бўлимлари ходими бўлиб, Плазма фанлари ва термоядро синтези марказида ҳам фаолият юритган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар