Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган жамоага рекорд миқдорда мукофот пули тўлайди. Турнир чемпиони 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ билан тақдирланади.
Манбага кўра, Жаҳон чемпионати доирасида FIFA томонидан ажратиладиган умумий мукофот пули 655 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Гуруҳ босқичида мусобақани якунлаган терма жамоалар 9 миллион, финалга қадар етиб борган жамоа эса 33 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига эга бўлади.
Маълумот учун, 2022 йил Қатарда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган Аргентина терма жамоаси 42 миллион, Россияда ўтган 2018-йилги мундиалда чемпион бўлган Франция эса 38 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот пули олган эди.
Ҳозирга қадар мундиалга 42 та терма жамоа йўлланмани қўлга киритган бўлса, яна 8 та жамоа номи плей-офф босқичлари якунлангач аниқланади. Goal нашри талқинига кўра, 2026 йилги мундиалнинг асосий фаворити Испания терма жамоаси ҳисобланади. Иккинчи поғонада Лионель Месси бошчилигидаги Аргентина терма жамоаси қайд этилган. Кучли учликни Англия якунлаб берган.
Ўзбекистоннинг гуруҳ босқичидаги рақиби Португалия эса 4-ўринга жойлаштирилган. Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси рўйхатнинг 32-поғонасида қайд этилган. Манбада ёзилишича, кўп нарса “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг спорт формасига боғлиқ бўлади. Чунки гуруҳ босқичида Луис Диас ёки Криштиану Роналду каби футболчиларга етарлича қаршилик кўрсатиш талаб этилади.








