Ўзбекистон ҳудудига Қозоғистонга нисбатан икки баравар кўп дори воситалари кириб келмоқда. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов дори воситаларини электрон рецепт билан бериш тартибига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
Анжуманда Абдулла Азизов рецепт билан бериладиган дори воситалари бўйича Ўзбекистондаги мавжуд муаммоларнинг бир нечтасини санаб ўтди.
Унинг алоҳида таъкидлашича, мамлакатга олиб кирилаётган дори воситаларининг ярмидан кўпи фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилган.Ҳозирги кунда Ўзбекистонда рецептли бериладиган дори воситалари тури 11 минг 825 тани ташкил этади. Ўнта реестр мавжуд референт давлатлар тажрибасини ўрганиб чиқдик. Масалан, Туркиядек катта давлатда 11 минг 691 та дори воситаси мавжуд. Қўшни Қозоғистонда эса дори воситалари биздан икки баравар кам. Бундан ҳам ачинарлиси, Россияда ҳам мамлакатимиздан камроқ — 9 минг 112 та дори воситаси рецептура дори воситалари реестрига киритилган, деди Фармагентлик раҳбари.
Бизга 7 минг 599 та хорижий дори воситаси импорт қилинадиган бўлса, шундан 4971 таси фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилган. Чунки биз ўрганган 10 та давлатнинг ичида бунча дори турлари умуман топилмаган. Бу дегани, импорт қилинаётган 65 фоиз дори воситалари фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқарилган. Бу жуда ҳам ёмон кўрсаткич. Агар Туркияни ҳам кўрадиган бўлсак, Туркияда бундай кўрсаткич 2 фоиздан кам, бизда эса бу 65 фоиз. Бундан шундай тушунча пайдо бўладики, Ўзбекистонда дори воситалари билан боғлиқ бўлган жуда катта коррупцион механизм шаклланган.
Импорт қилинаётган дори воситалари, асосан, Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади. Биз юқорида айтган фақат Ўзбекистон учун ишлаб чиқариладиган дориларнинг ярми — 4971 тадан 2483 таси Ҳиндистондан келади. Яъни Ҳиндистонда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари, асосан, Ўзбекистон учун ишлаб чиқариладиган дори воситаси бўлиб қолади. Бошқа қўшни давлатларга ёки биз тадқиқ этган 10 та давлатда бу дори воситасини топиш мумкин эмас. Кўринадики, коррупцион механизм ривожланиб кетган. Дистрибюторлар ёки дорини сотувчилар ўзимизнинг врачларга қўшимча пул бериш орқали ёки қанақадир бошқа усуллар орқали уларни ўзининг дори воситасини ёзишга ўргатган. Бу янги нарса эмас, охирги йигирма йиллар даврида шаклланган. Бизнинг ҳозир олдимиздаги энг биринчи мақсад — мана шу 4971 та дори воситасини кескин камайтириш ва Ўзбекистонга сифатли дори воситаларини олиб келишни таъминлаш, деди Абдулла Азизов.
“Электрон рецепт” тизими ҳақида
10 декабрдан Тошкент ҳамда Ўзбекистоннинг 15 та туман ва шаҳрида дориларни электрон рецепт асосида бериш бошланди. Аммо янги тизим дастлабки кунларданоқ тиббиёт мутахассислари ва жамоатчилик танқидига сабаб бўлди.
Шундан сўнг, 12 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги рецептсиз бериладиган дори воситалари ҳақида маълумот берди. “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, рецептсиз бериладиган дори воситалари ҳақидаги ахборот дори воситаларининг тиббиётда қўлланилишига доир йўриқномаларда ҳамда Тиббиёт амалиётида қўлланишига рухсат этилган дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника давлат реестрида жойлаштириб борилади.
“Электрон рецепт” тизимини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад — даволаш хавфсизлигини ошириш ва беморлар саломатлигини ҳимоя қилиш, шифокорларнинг дори тайинлашдаги масъулиятини кучайтириш, дори воситаларини тайинлаш жараёнини тартибга солиш, соғлиқни сақлаш тизимида рақамли ҳисобга ўтиш, шунингдек, контрафакт ёки нотўғри қўлланаётган дори воситалари айланмаси билан боғлиқ хавфларни камайтиришдан иборат.








