Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида эркаклар ўртасида бокс бўйича Жаҳон чемпионати давом этмоқда. Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилган нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 6 нафар боксчиси финал йўлланмасини қўлга киритди.
-51 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Ҳасанбой Дўсматов финал баҳсида россиялик Баир Балтаевга қарши жанг қилди. Тўлиқ давом этган беллашувда ўзбекистонлик боксчи 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва олтин медални қўлга киритди. Шу тариқа, Ҳасанбой Дўсматов фаолияти давомида иккинчи бор Жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
−60 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Олимпиада ва жаҳон чемпиони Абдумалик Ҳалоков финалда россиялик Всеволод Шумков билан тўқнаш келди. Муросасиз кечган баҳс тўлиқ давом этди ва унда Абдумалик 3:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижада у мусобақани кумуш медал билан якунлади.
−67 кг вазн тоифасида эса Асадхўжа Мўйдинхўжаев финал жангида Россия вакили Евгений Кулга қарши рингга чиқди. Беллашув давомида Асадхўжа мутлақ устунлик кўрсатиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва олтин медал соҳибига айланди. У финалга қадар Багама ороллари вакили, IBA PRO жамоасида ҳаракат қиладиган арманистонлик боксчи, шунингдек Қозоғистон ва Молдова вакилларини мағлуб этган эди. Ушбу ғалаба Асадхўжа Мўйдинхўжаев учун жаҳон чемпионатлари доирасидаги учинчи олтин медал бўлди.
Шунингдек, мусобақа доирасида яна уч нафар ўзбекистонлик боксчи финал баҳсларида рингга чиқади.
Жуфтликлар билан танишинг:
- −80 кг: Жавоҳир Умматалиев — Жамбулат Бижамов (Россия)
- −92 кг: Тўрабек Хабибуллаев — Муслим Гажимагомедов (Россия)
- +92 кг: Арман Маханов — Давид Суров (Россия)








