Daryo

Болгарияда оммавий намойиш: 100 мингдан ортиқ аҳоли ҳукумат истеъфосини талаб қилди

Намойишчилар мамлакатда кенг тарқалган коррупция ва иқтисодий муаммоларга қарши чиқиб, бош вазир Росен Желязковнинг ҳукумати тугатилишини сўради. Хориждаги болгарияликлар ҳам Европанинг турли шаҳарларида норозилик билдирди.

1 дақиқа ўқиш3 588 кўришлар0 изоҳ0

Болгарияда 10 декабрь куни коррупция авж олгани ҳақидаги даъволар сабабли бош вазир Росен Желязковнинг ҳукуматига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Euronews xабар берди.

100 мингдан ошиқ намойишчи

Оммавий ахборот воситаларининг дрон тасвирларига асосланган ҳисоб-китобларига кўра, биргина пойтахт Софиянинг ўзида намойишчилар сони 100 мингдан ошган, баъзи маълумотларга кўра эса 150 минггача етган. Бу каби норозилик ўтган ҳафта ҳам содир бўлиб, унда 50 мингдан ортиқ киши иштирок этган эди.

Маълум бўлишича, мамойишчилар, асосан, ҳукуматнинг истеъфосини, шунингдек, яхшироқ турмуш ва меҳнат шароитларини талаб қилмоқда. Софиядаги намойишчилар парламент биносига лазер ёрдамида “Истеъфо”, “Мафия йўқолсин” ва “Адолатли сайловлар учун” каби сўзларни ёзган.

Норозиликлар Пловдив, Варна, Велико Тарново ва Разград каби 25 дан ортиқ йирик шаҳарларда ҳам қайд этилган. Хориждаги болгарияликлар ҳам Брюссел, Лондон ва Нью-Ёркда намойишлар ўтказган.

Олигарх таъсири

Намойишчиларнинг ғазаби асосан болгариялик сиёсатчи ва олигарх Делян Пеевскига қаратилган. Унинг “Ҳуқуқ ва эркинликлар ҳаракати” партияси ҳукмрон коалицияни қўллаб-қувватлайди. Пеевски 2021-йилда АҚШ, 2023-йилда эса Буюк Британия томонидан коррупция сабабли санкциялар остига олинган.

АҚШ Молия Вазирлиги уни “таъсир ўтказиш ва пора бериш орқали Болгария жамиятидаги асосий муассасалар ва тармоқлар устидан назорат ўрнатишда” айблаган. У илгари Болгариядаги энг машҳур кундалик газеталарга эгалик қилган ва медианинг катта қисмини назорат қилган. Намойишчилар ва мухолифат Пеевскини ҳукумат сиёсатини фақат олигар манфаатлар йўлида шакллантиришда айбламоқда.

Ҳукуматга ишончсизлик вотуми

Мухолифатдаги “Ўзгаришни давом эттирамиз – Демократик Болгария” коалицияси ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотумини эълон қилди. Овоз бериш жараёни пайшанба, 11 декабрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар