Daryo

АҚШ Венесуэла қирғоғида нефть танкерини қўлга олди (видео)

Венесуэла ҳукумати буни “очиқдан-очиқ ўғирлик ва халқаро қароқчилик акти” дея баҳолади. Трамп эса танкер “жуда асосли сабаб билан қўлга олингани”ни даъво қилди.

2 дақиқа ўқиш3 571 кўришлар0 изоҳ0

АҚШ кучлари 10 декабрь куни Венесуэла қирғоқларида нефть танкерини қўлга олди. Бу маълумотни АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам тасдиқлади.

“Биз Венесуэла қирғоғида танкерни қўлга олдик — катта танкер, жуда катта, аслида, шу пайтгача қўлга олинган энг йириги”, деди у.

​

АҚШ президенти танкер “жуда асосли сабаб билан қўлга олинганини” таъкидлади, бироқ кеманинг эгаси ҳақида маълумот беришдан бош тортди. АҚШ бош прокурори Пем Бонди қўлга олиш видеосини ижтимоий тармоққа жойлаштирди. 45 сониялик видеода АҚШ кучларининг вертолётдан танкерга тушаётгани акс этган.

Мудофаа вазирлиги бошчилигидаги операцияда Федерал қидирув бюроси, Ички хавфсизлик бўйича тергов хизмати ва АҚШ қирғоқ қўриқлаш хизмати иштирок этди. Бондининг айтишича, улар “Венесуэла ва Эрондан санкциядаги нефтьни ташиш учун фойдаланилган танкерни мусодара қилиш бўйича ордерни ижро этган”.

“Танкер хориждаги террорчи ташкилотларни қўллаб-қувватловчи ноқонуний нефть ташиш тармоғида иштирок этгани сабабли АҚШ томонидан бир неча йилдирки санкция остида бўлган”, деди Бонди.

  • Венесуэла ҳукумати танкер қўлга олинишини “очиқдан очиқ ўғрилик ва халқаро қароқчилик акти” дея баҳолади.

“Венесуэлага қарши узоқ давом этган тажовузнинг асл сабаблари ниҳоят фош бўлди… Гап ҳар доим бизнинг табиий бойликларимиз, нефтьимиз, энергетика ресурсларимиз ҳақида бўлган — улар фақат Венесуэла халқига тегишли”, дейилади ҳукумат баёнотида.

​

Аввалроқ Венесуэла президенти Николас Мадуро митингда нутқ сўзлаб, фуқароларни “жангчилар” каби ҳаракат қилишга ва “керак бўлса, Шимолий Америка империясининг тишларини синдиришга” тайёр туришга чақирган эди.

Мадуро 2013-йилдан, саратон касаллигидан вафот этган Уго Чавеснинг ўрнини эгаллаганидан бери ҳокимиятда. Август ойидан бери АҚШ Мадуронинг боши учун 50 миллион доллар мукофот эълон қилди.

Шунингдек, Кариб денгизида 1962-йилги Куба ракета инқирозидан бери энг йирик ҳарбий-денгиз кучлари сафарбарлигини амалга оширди ва гиёҳванд моддалар ташишда гумон қилинган қайиқ ва кемаларга бир қатор ҳаво зарбалари берди, оқибатда 80 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.

9 декабрь куни АҚШнинг иккита қирувчи самолёти Венесуэла кўрфази атрофида тахминан 40 дақиқа давомида айланди. Улар Венесуэланинг аҳолиси энг кўп бўлган шаҳарларидан бири — Маракайбонинг шимолий қисмидан учиб ўтган эди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар