Россиялик телебошловчи ва спорт шарҳловчиси Денис Казанский 2026-йилги Жаҳон чемпионати қуръа натижалари ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда “Championat.com” нашри хабар берди.
“Қизиқ гуруҳлар деярли йўқ. Ҳаммаси форматнинг чўзилиб кетгани туфайли. Балки Марокаш, Бразилия ва Шотландия бир оз қизиқроқдир. Яна Англия, Хорватия, Гана, Панама тироси ҳам ёмон эмас. Ўзбекистон учун эса чин дилдан хурсандман. Аббос вс Криштиану. Улар уддалай олади!”, деб ёзди Казанский ўзининг Telegram-каналида.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 мусобақаси 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилади. Бу мундиал тарихда илк бор 48 та терма жамоа иштирок этадиган турнир сифатида тарихга киради. Жамоалар 12 та гуруҳга, ҳар бирида тўрттадан терма жамоа бўлган ҳолда тақсимланди. Ҳозирча 42 та терма жамоа турнирга йўлланмани қўлга киритган, яна олтита иштирокчи эса 2026 йил март ойида ўтказиладиган плей-офф ўйинлари орқали аниқланади.
Қуръа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси “K” гуруҳидан жой олди. Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоага Португалия, Колумбия ҳамда қитъалараро плей-офф ғолиби (Конго – Ямайка/Янги Каледония) рақиблик қилади.








