Daryo

АҚШ 30 дан ортиқ мамлакатга саёҳат тақиқини жорий этади

Мамлакат июнь ойида 12 та давлатга мазкур турдаги тақиқни қўллаган эди. Миллий хавфсизлик вазири бу рўйхатдаги мамлакатлар сони 30 дан ошишини маълум қилди.

1 дақиқа ўқиш11 466 кўришлар0 изоҳ5

АҚШ саёҳат тақиқи қўлланиладиган мамлакатлар сонини 30 дан оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 4 декабрь куни Қўшма Штатлар Миллий хавфсизлик вазири Кристи Ноэм маълум қилди.

Ноэм Fox News телеканалига берган интервьюсида, президент Дональд Трамп маъмурияти тақиқ рўйхатидаги мамлакатлар сонини 32 тага етказиши ҳақидаги саволга жавоб берган. Таъкидланишича, тақиқ иммигрантлар (кўчиб келувчилар) ва нон-иммигрантларга (масалан, сайёҳлар, талабалар, ишбилармонлар) нисбатан бирдек қўлланилади.

“Аниқ рақамни айта олмайман, лекин тақиқ 30 дан ошиқ давлатга қўлланилади. Президент мамлакатларни баҳолашда давом этмоқда”, деган вазир.

Ноэм тақиқ рўйхатига қайси мамлакатлар қўшилиши ҳақида аниқлик киритмаган, бироқ сабабларни очиқлаган.

“Агар мамлакатларда барқарор ҳукумат бўлмаса ва ўз-ўзини таъминлай олмаса, нега ушбу давлатларнинг аҳолисини Қўшма Штатларга келишига рухсат беришимиз керак?”, деган у.

Маълумот ўрнида, июнь ойида Трамп 12 та давлат фуқароларининг Қўшма Штатларга киришини бутунлай тақиқловчи ва яна 7 та давлат фуқароларига нисбатан чекловлар ўрнатувчи фармонни имзолаган эди. Бу чекловлар “хорижий террористлар” ва бошқа хавфсизлик таҳдидларидан ҳимояланиш зарурлиги билан асосланган.

Тақиқ рўйхатнинг кенгайтирилишига ўтган ҳафта Оқ уй ёнида икки Миллий гвардия аъзосининг отиб ўлдирилиши сабаб бўлмоқда. Айнан шу сабаб Трамп миграция чораларини янада кучайтирмоқда. Ушбу отишмадан бир неча кун ўтиб, Трамп барча “учинчи дунё мамлакатлари”дан миграцияни тўхтатишини маълум қилганди. Бундан ташқари, 19 та давлат фуқароларидан иммиграция бўйича аризалар қабул қилиниши тўхтатилганди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар