Венесуэла президенти Николас Мадуро ноябрь ойи охирида Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқотдан сўнг, АҚШ томонидан берилиши мумкин бўлган хавфсизлик кафолати остида мамлакатни тарк этиш имкониятини йўқотди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, Reuters хабар берди.
Президентлар 21 ноябрь куни телефон орқали гаплашган. Суҳбат АҚШнинг Венесуэлага босими кучайган, Кариб денгизига дунёдаги энг йирик Гералд Форд авиаташувчисини юборган бир вақтда бўлиб ўтган. Мулоқот тахминан 15 дақиқа давом этган.
Reuters’нинг уч манбасига кўра, суҳбат чоғида Мадуро агар ўзи ва оила аъзоларидан санкциялар олиб ташланса, шунингдек, уларга ҳуқуқий амнистия кафолатланса, истеъфога чиқишга ва мамлакатни тарк этишга тайёрлигини билдирган. Шунингдек, у АҚШ президентидан юзга яқин кишини афв этишни сўраган.
Трамп бу шартларга рози бўлмаган ва Мадурога мамлакатни тарк этиши учун бир ҳафта муҳлат берган, дейилади хабарда.
Бу муддат 28 ноябрда тугаган ва шундан сўнг Трамп Венесуэла ҳаво ҳудуди ёпилганини эълон қилди. Таъкидланишича, Мадуро маъмурияти Трамп билан яна бир марта суҳбатлашишни сўраган, бироқ бунга рози бўлишмаган.
АҚШ Венесуэла ва унинг президентини гиёҳванд моддалар савдосига йўл қўйганликда айбламоқда ҳамда кемалари наркотик ташиётгани айблови билан уларга зарбалар бериб келмоқда. Венесуэла эса бу айбловларни рад этиб, буни Мадурони лавозимидан четлатишга уриниш деб баҳолаган.








