Дунёда 2024 йил якунларига кўра, 100 та энг йирик мудофаа компанияларининг қурол-яроғ ва ҳарбий хизматларни сотишдан тушган даромади 5,9 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 679 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти (SIPRI) хабар берди.
Ҳисоботга кўра, 2015-йилдан бери компанияларнинг ҳарбий даромади 26 фоизга ошди. Бу ўсишга Россиянинг Украинага қарши уруши ҳамда Исроилнинг ҲАМАС билан тўқнашувлари сабаб бўлди. Глобал ўсишга Европа ва АҚШ ишлаб чиқарувчилари асосий ҳисса қўшган бўлса-да, тенденция барча минтақаларда қайд этилди ва Россия компанияларининг рейтингдан олган даромади санкцияларга қарамай икки хонали суръатда ўсди.
“2024 йили қурол-яроғдан олинган глобал даромад SIPRI кузатувлари тарихидаги энг юқори даражага етди: ишлаб чиқарувчилар юқори талабдан фойдаланди”, дейди ҳарбий харажатлар ва қурол-яроғ ишлаб чиқариш дастурининг илмий ходими Лоренсо Скарацсато.
Россия ички талаб ҳисобига экспортдаги йўқотишларни қоплади
Маълумот етишмаслиги сабабли SIPRI рейтингига сўнгги уч йил ичида Россиянинг фақат икки қурол ишлаб чиқарувчиси кирган: давлат корпорацияси “Ростех” — 7-ўрин, Бирлашган кема қуриш корпорацияси (OSK) эса — 41-ўринда. 2024-йилда “Ростех” ва OSK’нинг экспорт камайиши туфайли кўрган йўқотишлари ички талаб ҳисобига тўлиқ қопланган.
Уларнинг умумий даромади 23 фоизга ошиб, 31,2 миллиард долларга етган. Шундан “Ростех” даромади 26 фоизга ошиб 27,1 миллиард долларни, OSK даромади эса 6,5 фоизга ошиб 4,1 миллиард долларни ташкил этди.
“2022 йилда Украинага ҳужум бошланганидан бери Россияда қурол ишлаб чиқариш, айниқса, ўқ-дорилар, зирҳли техникалар, артиллерия тизимлари, ракеталар ва дронлар ишлаб чиқариш юқори даражада қолмоқда”, дея таъкидлайди таҳлилчилар.
Германия компаниялари жаҳон етакчиларида
Германиянинг қурол ишлаб чиқарувчилари 2024-йилда даромаднинг энг сезиларли ўсишини кўрсатди — 36 фоиз. Бу кўрсаткич бўйича фақат Япония олдинда турибди (40%). Тўртта немис компанияси дунёнинг энг йирик 100 та мудофаа ишлаб чиқарувчиси рўйхатига кирди. Улардан етакчиси — Rheinmetall концерни бўлди: ҳарбий савдолардан олинган 8,2 миллиард евролик даромад (йиллик +47%) уни умумий рўйхатда 20-ўринга олиб чиқди.
АҚШ етакчиликни сақлаб қолмоқда, Европада эса ўсиш кузатилмоқда
SIPRI рейтингига кўра, қурол ишлаб чиқариш бўйича етакчиликни ҳануз АҚШ компаниялари эгаллаб турибди. Топ-100 рўйхатига 39 та америкалик ишлаб чиқарувчи киради. Уларнинг ҳарбий буюртмалар билан боғлиқ даромади 3,8 фоизга ошиб, 334 миллиард долларга етган — бу рейтингдаги барча компаниялар умумий даромадининг ярмига тенг.
АҚШнинг энг йирик ва глобал бозор етакчилари: Lockheed Martin Corp, RТХ ва Northrop Grumman Corp.
Рейтингдаги 26 та Европа компанияси дунё бўйича умумий даромаднинг 22 фоизини ташкил этади. Бу кўрсаткич бир йил ичида 13 фоизга ошиб, 151 миллиард долларга етди ва Европа ишлаб чиқарувчиларига АҚШдан кейин иккинчи ўринни таъминлади. Бунга сезиларли даражада Буюк Британиянинг етти компанияси ҳисса қўшган — уларнинг даромади 6,6 фоизга ўсиб, 52,2 миллиард долларга етган.
Хитойда даромаднинг камайиши коррупция билан боғланди
Қизиғи шундаки, глобал даражадаги умумий ўсишга қарамай, Осиё ва Океания компанияларининг ҳарбий маҳсулотлардан олган умумий даромади 1,2 фоизга камайиб, 130 миллиард долларга тушган. SIPRI изоҳига кўра, бу пасайиш деярли тўлиқ тарзда Хитойнинг саккизта қурол ишлаб чиқарувчи компаниясида қайд этилган рекорд даражадаги 10 фоизлик даромад камайиши билан боғлиқ.

.jpg)
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун, аввал