Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳарорат аста-секин кўтарилади, айрим жойларда ёмғир ёғиши мумкин.

“Ўзгидромет” прогнозларига кўра, жума куни кундузи ҳаво ҳарорати 13-18 даража илиқ бўлса, дам олиш кунлари ҳарорат аста-секин кўтарилиб, якшанба куни кундузги ҳарорат 20-25 даражага, жанубда эса 26-28 даражага етади.

Шанба ва якшанба кунлари мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади, фақат Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг айрим жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Якшанба, 19 апрель куни Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида ҳам бир оз ёмғир ёғиши мумкин.

Якшанба, 19 апрель куни республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида баъзи жойларда 15-20 метр/секундгача шамол эсиши кутилмоқда, чанг тўзон кузатилиши мумкин.

Республиканинг тоғли ҳудудларида 17—19 апрель кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баланд тоғли ҳудудларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тошкентда 17 апрель ва дам олиш кунлари давомида бир оз ёмғир ёғиши мумкин. Жума куни ҳарорат 14-16 даража, шанба куни 19-21 даража ва якшанба куни 21-23 даража илиқ бўлади.

Ўзбекистонда келаси ҳафта ўрталаригача сел хавфи эълон қилинди. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларидаги фуқаролардан 18—23 апрель кунлари эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралди.